ЮНЕСКО Американи овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди

975557998

АҚШ БМТнинг тузилмаларидан бири — ЮНЕСКО фаолиятида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. АҚШ икки йил давомида мазкур ташкилотга аъзолик бадалларини тўламасдан келаётгани боис шундай қарор қабул қилинган.

“РИА Новости”нинг хабар беришича,  АҚШ 2011 йили ЮНЕСКОга Фаластиннинг мустақил давлат сифатида қабул қилинишига қарши эътироз сифатида мазкур ташкилот фаолиятини молиялаштиришни тўхтатган эди. АҚШ ташкилот харажатларининг 22 фоизини молиялаштиргани боис ташкилот қарийб инқироз ёқасига бориб қолган эди. Натижада Америка ташаббуси билан амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар ижросига чекловлар жорий қилинди.

Associated Press хабарига кўра, АҚШ жума куни эрталабгача молиялашни қайта тиклаши ёки юзага келган қарздорлик юзасидан ташкилот олдида тушунтириш бериши керак эди. Йўқса, АҚШ ташкилотда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўларди. Бу АҚШ ЮНЕСКО молиявий маблағларини ажратиш ҳақидаги қарорларни қабул қилишда иштирок эта олмаслигидан далолатдир.

Исроилнинг ЮНЕСКОдаги элчиси Нимрод Баркан Исроил АҚШнинг қарорини қўллаб-қувватлашини ҳамда ташкилотга “аслида йўқ Фаластиннинг қўшилиши” орқали унинг “сиёсийлашиши”га қарши эканлигини маълум қилди. Фаластиннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Элиас Санбару эса АҚШнинг жойини бошқа давлатлар самарали равишда эгаллаб олишади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Фаластин автономияси ўз мустақил давлатини тузиш борасида бир неча ўн йиллардан бери курашиб келади. Бунга, шубҳасиз, “катта оға” АҚШнинг рўйхушлик бермаётгани жиддий тўсиқ бўлаётган эди. АҚШ ва Исроил расмийлари бундай масала халқаро минбарларда эмас, балки икки томонлама музокаралар орқали ҳал этилиши кераклигини қайд этиб  келади.

2011 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши худди шу масалада музокара олиб борган бўлса-да, ягона хулосага кела олмаган эди. Фаластин маъмурияти БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали масалани ҳал қилишга умид қилишмайди, боиси АҚШ тўғридан-тўғри бу масалада вето ҳуқуқидан фойдаланишини маълум қилди.