Раддия: Ўзбекистоннинг Божхона иттифоқи бўйича позицияси ўзгаргани йўқ

    polit.uz
    polit.uz

    Ўзбекистон Божхона иттифоқига аъзо бўлиб киришга шошилмайди. Ўзбекистон Божхона иттифоқига қўшилишни ижобий баҳолайди, деган баёнотни Сенатнинг ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С. Сафоев рад қилди.

    “Мир24” телеканалининг хабар беришича, Ўзбекистон Россия билан ҳали ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор, лекин янги интеграция жараёнларида қатнашишга тайёр эмаслигини билдирган.

    “Ўзбекистон Божхона иттифоқига қизиқиш билан қараётгани ҳақида хабарлар бўлган эди. Шуни ишонтириб айтмоқчиманки, ушбу масала муҳокама қилинмади ва кун тартибида йўқ эди. Биз икки томонлама алоқаларни муҳокама қилдик, Ўзбекистоннинг Божхона иттифоқи бўйича позицияси ўзгармаган”, деди Содиқ Сафоев.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси россиялик ҳамкасби Валентина Матвиенко билан учрашувидан сўнг Ўзбекистон Божхона иттифоқига қўшилиш истиқболларига ижобий қарашини маълум қилган эди. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситалари хабар тарқатган эди.

    “Ўйлайманки, биз уни қўллаб-қувватлаймиз”, деган Сенат раиси журналистлар саволига жавоб берар экан, Ўзбекистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши эҳтимолини “ижобий” деб баҳолаган.

    Матвиенконинг фикрича, бу жараён (Божхона иттифоқига қўшилиш) “узоқ давом этишини ва ҳеч кимга бунга тезроқ қўшилиш учун босим ўтказиш керак эмас”. Унинг сўзига кўра, ҳар бир мамлакат бундай бирлашмаларда қатнашиш ҳақидаги қарорни ўз давлати, халқи манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилади.

    Божхона иттифоқи 2006 йили Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕврАзЭС) норасмий саммитида Россия, Қозоғистон ва Беларусь ўртасида тузилган бўлиб, у ягона бож ҳудудини ташкил қилишни кўзда тутади. Унинг ҳудуди бож тўловлари ва иқтисодий характердаги чекловлар қўлланилмайди.