АҚШ мудофаа вазирлиги Ўзбекистон чегара постига темир йўл сканери ўрнатиб берди

    677188

    2013 йил 20 ноябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол ва АҚШ Транспорт қўмондонлиги қўмондони Уильям Фрейзер III Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан биргаликда Ўзбекистонни Афғонистон билан боғловчи “Дўстлик” кўпригида ўрнатилган темир йўл сканерининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Хабарда келтирилишича, очилиш маросими Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидан ўтадиган юкларни текшириш ва сканердан ўтказиш мақсадида унинг техник имкониятларини ошириш учун икки йил давомида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми саналади.

    Сканер қурилмаларини АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги етказиб берган. АҚШ Давлат департаменти ушбу воситадан амалда фойдаланадиган Давлат божхона қўмитаси ходимларига сканерда кўринган тасвирларни таҳлил қилиш бўйича машғулотлар ўтказади.

    Элчихонанинг қайд этишича, худди шундай чегара хавфсизлиги ва транзит инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббус доирасида, 2014 йили Ўзбекистон АҚШ молиявий қўллаб-қувватлайдиган яна бир темир йўл сканерини Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасида жойлашган “Каракалпакия” божхона пунктида ўрнатади.

    Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида АҚШ ҳукумати Ўзбекистон божхона органлари ва давлат чегараси постларини мустаҳкамлаш учун 16,2 миллион доллар ажратиши маълум бўлган эди. Чунончи, тегишли идоралар ва чегара пунктлари салоҳиятини кучайтириш орқали шимолий йўналишда афғон опиумининг ноқонуний айланишига барҳам бериш лойиҳаси доирасида 16,204 миллион АҚШ долларига махсус воситалар ва тактик жиҳозлар харид қилиниши кутилмоқда.