Тожикистонлик аёллар турмуш ўртоқларининг Россиядан депортация қилинишини сўрашмоқда

pic_1362045884

Тожикистонлик бир гуруҳ аёллар ўз турмуш ўртоқларини, ака-укаларини депортация қилишни сўраб Россия федерал миграция хизматига мурожаат қилган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ўз яқинлари билан айролик тожикистонлик аёлларни шундай чорага қўлга уришга мажбур қилган.

Мурожаат қилувчилардан бирининг айтишича, унинг турмуш ўртоғи беш йилдан бери умуман оиласи билан мулоқот қилмайди. «Эшитишимча, у Россияда уйланиб олибди. Болаларига пул жўнатмайди. Яхшиси, уни мамлакатдан чиқариб юбориш керак. Эҳтимол, шунда у ўз оиласи бағрига қайтар», дейди у.

Аёллардан яна бири саккиз йилдан бери яқинларидан хабар олмаётган акасини депортация қилишини сўраган.

Тожикистон миграция хизмати ходимларига кўра, ҳар ой ушбу масалада ўртача 15 та сўров келиб тушади.

Тожикистон миграция хизмати маълумотларига кўра, сўнгги ўн ойда мамлакатдан Россияга 870 минг киши чиқиб кетган. Улардан 730 минг нафари эркаклардир. Ҳозирги кунда Россияда миллион нафардан ортиқ тожикистонлик меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти оила қурган ва уйига тегишли миқдорда маблағ жўнатиб туради. Умуман, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тожикистон фуқаролари юборган маблағ мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмини ташкил қилади.

Тожикистон миграция хизмати ўз эри, ака-укасини депортация қилишни сўраб мурожаат қилаётган аёлларга ёрдам беришга тайёрлигини айтган бўлса-да, имкониятлари чекланганини тан олишган.  Маълум бўлишича, миграция хизмати вакиллари ўз вакиллари орқали узоқ муддат давомида уйга келмаётган рўзғор бошлиқларини қайтишга даъват қилишмоқда.