Тожикистон МДҲ билан савдолашмай қўйди

Tadzhikiston

Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги тарқатган хабарда келтирилишича, мамлакат 9 та МДҲ давлатлари билан товар айланмаси ҳажми кескин қисқарган. Бу ҳақда “Регнум” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Чунончи, Озарбойжон, Белорусь ва Украина билан савдо айланмаси сезиларли даражада пасайган. Масалан, Тожикистон ва Озарбойжон ўртасида товар айланмаси 5,5 миллион долларни ташкил қилди, бу 86,8 фоизга кам деганидир.

Ўзбекистон билан ўзаро товар айланмаси 77,2 фоизга камайган.

Россия гарчи Тожикистон билан ўзаро товар айланмасида биринчи ўринда турса-да, ушбу мамлакат билан ҳам 3,4 фоизга пасайиш кузатилган.

Статистика маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида товар айланмаси 3 баравар ўсган. Бу Қирғизистонда энергия захиралари ва бошқа халқ истеъмол моллари импорти кўпайиши билан боғлиқдир.

Умуман, Тожикистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ўзаро савдо айланмаси жорий йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4,9 фоиз камайган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар кескин совиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари сусайиб кетди.