Ўзбекистонда ёпилган телеканаллар ўрнини янги давлат телеканаллари тўлдириши мумкин

    (c) Daryo.uz
    (c) Daryo.uz

    Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси яқин орада тўртта янги телеканални ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Daryo.Uz сайти ЎзМТРКдаги «ишончли манбалари» таяниб хабар тарқатди.

    Хабарда келтирилишича, янги каналлар ҳозирда мавжуд телеканаллар базасида очилиб, турли йўналишларда фаолият юритади. Жумладан, “Ўзбекистон” телеканали базасида “Оилавий” канали, “Тошкент” телеканали қошида мусиқий “Наво”, “Ёшлар” базасида кино мавзусидаги “Кинотеатр”, “Маданият ва Маърифат” қошида эса республикадаги барча вилоятлар ҳаётига оид кўрсатувларни узатиш билан шуғулланувчи “Ҳудудлар” телеканаллари пайдо бўлади.

    «Бўлажак телеканалларнинг номлари ишчи ном бўлиб, ҳали ўзгариши мумкин. Телеканалларнинг барчаси ўз кўрсатувларини HD форматида намойиш қилиши режалаштирилмоқда», дейилади хабарда.

    Телеканаллар ишга тушишга шай, бироқ уларнинг қачон ўз фаолиятини бошлаши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

    Сайтнинг ЎзМТРКдаги манбаси ушбу каналларнинг очилиши 21-октябр куни ўз фаолиятини тўхтатган НТТ, СофТС, ТВМ ва “Форум-ТВ” телеканаллари билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқлигини таъкидлаган.