UZINFOCOM Wikipedia’га қизиқиш билдирди

uzwiki_06062012

Тошкентда UZINFOCOM марказида жаҳон Википедия энциклопедиясини тўлдириш қоидаларига бағишланган семинар ташкил қилинган. Марказ сайтида ёзилишича, унда россиялик мутахассис Александр Райков интернет энциклопедияси маъмурлари ва модераторлари тузилмаси жуда мушкул эканлигини айтган.

Унинг айтишича, жойланаётган материаллар Википедияга материал қўйиш талабларига жавоб бериши керак. Масалан, қўйиладиган мақола муҳим аҳамяитга эга бўлиши лозим. Материалга оид манбалар ҳам нуфузли нашрлар, манбалар бўлиши керак. Дейлик, муаллифлик сайтлари, блоглар, форумлар ва ижтимоий тармоқлар манба сифатида хизмат қилмайди. Қўйиладиган ахборотлар, албатта, текшириш учун осон бўлиши керак, яъни очиқ фойдаланишда бўлиши лозим.

Википедияда муаллифлик ҳуқуқига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қонун ҳужжатлари ва давлат материаллар бундай ҳуқуққа тааллуқли эмас. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” эркин лицензия билан чоп этилгани боис ундан кимнингдир муаллифлик ҳуқуқини бузиш эҳтимолидан хавфсирамасдан фойдаланиш мумкин.

Мақолалар имкон қадар факт, далил, сурат ва хариталар билан бойитилиши керак.

Марказ сайти вакиллари россиялик мутахассисга ўз миннатдорлигини билдириб, Википедия Ўзбекистон ҳақидаги материаллар янада бойишига умид билдириб қолади.

Ҳозирги кунда Википедиянинг ўзбек тили саҳифасида 127 мингдан ортиқ мақолалар бор. Ушбу энциклопедиянинг қозоқ саҳифасида эса 203 мингдан ортиқ мақола ўрин олган.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда шу соҳага оид давлат ва жамоат ташкилотлари ўзбек тилидаги википедияни ривожлантириш масаласига у даражада эътибор қаратиб келмаётган эди. Лекин юқоридаги каби тадбирлар бу борада ижобий ўзгаришлар юз бераётганидан далолатдир.

Шуни айтиш керакки, Қозоғистонда Wikibilim.kz фонди тузилган бўлиб, у қозоқ тилининг интернет ҳамжамиятига интеграцияси билан шуғулланади. Чунончи, wikipedia’нинг қозоқча контентини бойитиш, қозоқ тилига ва қозоқ тилидан бошқа тилларга автомат таржима қиладиган дастурлар устида иш олиб борилмоқда. Унга Қозоғистон Республикаси Президенти девони раҳбари Карим Масимов (собиқ Бош вазир) бош-қош бўлмоқда.

W3Techs компаниясининг интернетдаги сайтлар бўйича тадқиқотига кўра, рус тили Собиқ Иттифоқнинг йирик мамлакатлари – Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқаларда энг машҳур тил бўлиб турибди. Жумладан, Қозоғистондаги сайтларнинг 84 фоизи, Тожикистондаги сайтларнинг 81,8 фоизи, Қирғизистондаги сайтларнинг 75,9 фоизи, Ўзбекистондаги сайтларнинг 79,6 фоизи рус тилида фаолият олиб боради.

Ўзбекистондаги сайтларнинг фақат 4,4 фоизигина ўзбек тилида бўлиб, 15,6 фоизи инглиз, 1,1 фоизи эса турк тилларида фаолият олиб боради.