Германияда йўқолган BMW X5 Ўзбекистонда топилди

BMW-X5-front-764288

Германияда йўқолган BMW X5 енгил автомобили Ўзбекистон — Тожикистон чегарасида божхона хизмати вакиллари томонидан ушлаб қолинди.

“Подробно” ахборот агентлигининг хабар беришича, халқаро полиция — Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган BMW X5 автомобили Латвиядан Тожикистонга келаётган юк поезди вагонларидан бирини текшириш пайтида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси вакиллари томонидан аниқланган.

Маълум бўлишича, вагондаги қимматбаҳо машинанинг юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмагани божхончиларда шубҳа уйғотган.Мазкур машина Тожикистондаги ташкилот томонидан буюртма қилинган.

Интерпол маълумотлар базасига кўра, BMW X5 Германияда ўғирланган бўлиб, халқаро қидирувга берилган. Автомобиль Тожикистон Республикаси фуқароси Хуршед Раҳимов номига ҳужжатлаштирилган.

Ўзбекистон божхоначилари биринчи марта бундай ҳолатга дуч келишмаяпти. Хусусан, йил бошида Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган 4 та қимматбаҳо автомобиль ушлаб қолинган.