Чаласавод депутатларнинг “саводли қонуни”

331096302

Россия Давлат думасининг Либерал-демократлар партиясидан сайланган депутатлари “Россия Федерациясининг Давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар китиришни таклиф қилишди. Унга кўра, депутатлар мигрантлар томонидан иш вақтида хорижий тилда гаплашишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Аммо Россия оммавий ахборот воситалари мазкур қонун лойиҳасининг тушунтириш хатини ўрганиб чиқишганда, унда ҳаддан ташқари кўп грамматик ва орфографик хатолар борлигини аниқлашган. Эътиборли жиҳати, қонун ижодкорларидан бири Елена Афанасьева ўз вақтида Калининград вилоятининг таълим вазири лавозимида ҳам иш олиб борган.

Журналистларнинг ёзишича, қонун лойиҳасида рус тилидаги род, боғламалар, пунктуация қоидаларига тўла риоя қилинмаган.

Тушунтириш хатида хорижий мамлакат фуқаролари рус тилида яхши гапира олмасликлари ҳамда иш вақтида ва ўзаро бошқа тилларда гаплашиши танқид остига олинган. Қонун ташаббускорларига кўра, маҳаллий аҳоли бундан зиён кўрмоқда.

ОАВнинг депутатларга таяниб ёзишича, бир қатор Европа мамлакатлари ва АҚШда айнан тилни ҳимоя қилиш бўйича қонунлар қабул қилинган.