Ўзбекистонда 2014 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари Интернет орқали давлат рўйхатидан ўтказилади

mygovuz_09102013

Ўзбекистон тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, рўйхатдан ўтказиш тартиботларини амалга оширишни электрон тизимга ўтказишни таъминлаш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, электрон рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларини масофадан туриб ва интерактив расмийлаштириш йўли билан намунавий шакллар асосида тайёрлаш имконияти бўлган Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади.

Шунингдек, электрон рўйхатдан ўтказишда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказишга ариза бериш, рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини ва гувоҳномани бериш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида келтирилишича, кредит ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган кредит ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Унга мувовиқ, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси 2014 йил 1 январгача бўлган муддатда барча руйхатдан ўтказувчи органларга уларнинг Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва КТУТ коди берилиши имкониятини беради.