Россияда 3,5 миллион нафар ноқонуний мигрант бор

© РИА Новости. Максим Блинов
© РИА Новости. Максим Блинов

Россия ҳудудида 3,5 миллион нафарга яқин ноқонуний мигрант бор. Бу ҳақда “РИА Новости” Федерал миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановскийга таяниб хабар тарқатди.

“Россияда 8,5 миллион нафар атрофида шахс визасиз кириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда бўлиб турибди. Ноқонуний мигрантларнинг асосий қисми МДҲ мамлакатларидан бўлиб, улар гарчи қонуний кириб келган бўлса-да, кейинчалик ўз вақтида чиқиб кетмаган ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузган. Ҳисоб-китобимизча, уларнинг сони 3,5-3,6 миллион атрофида”, — дейди Россия Федерал миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановский.

Амалдорга кўра, ҳар куни ўртача 3 минг нафарга яқин ноқонуний мигрантнинг мамлакатга кириш ҳуқуқи автоматик тарзда бекор бўлмоқда. Бугунги кунга келиб 410 минг нафардан ортиқ чет эл фуқароси Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрумдир.

Шуни қайд этиш керакки, жорий йил бошида ноқонуний мигрантларнинг қарийб учдан бир қисми, 900 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар, 500 минг нафардан ортиғи украиналиклар. 400 минг нафар атрофида тожикистонликлар ҳисобланиши маълум қилинган эди.

Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда ўшанда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. 13,3 фоизи, яъни 1,342 миллион нафари эса Украина фуқароси, 10,2 фоизи Тожикистон фуқароси ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқаролари Россия федерациясидан 2012 йилда юборилган пул ўтказмалари миқдори 33 фоизга ўсиб, 5,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.