Ўзбекистонда 2014 йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди

    «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройи
    «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройи

    2014 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди. Бу ҳақда Kun.Uz сайти хабар тарқатди.

    6 декабрь, жума куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил сарҳисоби тўғрисида нутқ сўзлаган.

    Конституция кунига бағишланган маросимда, шунингдек, 2014 йилнинг номи эълон қилинди. Президент ташаббуси билан кейинги йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди. 2013 йил эса «Обод турмуш йили» номи остида ўтган эди.

    Хабарда келтирилишича, Ўзбекистонда 1997 йилдан бери ҳар бир йилга, жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида чуқурлаштирилган ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида, ном берилиб келинади. 1997 йил «Инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган бўлса, ХХI асргача бўлган йиллар «Оила йили» (1998), «Аёллар йили» (1999), «Соғлом авлод йили» (2000) деб эълон қилинган.

    2001 йил «Оналар ва болалар йили», 2002 йил «Қарияларни қадрлаш йили», 2003 йил «Обод маҳалла йили», 2004 йил «Меҳр-мурувват йили», 2005 йил «Сиҳат-саломатлик йили», 2006 йил «Ҳомийлар ва шифокорлар йили», 2007 йил «Ижтимоий ҳимоя йили», 2008 йил «Ёшлар йили», 2009 йил «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили», 2010 йил «Баркамол авлод йили», 2011 йил «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили», 2012 йил эса «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинган эди