Россияда паспортсиз ҳаракатланиш тақиқланиши мумкин

1030652

Россия президенти ташаббуси билан РФ Давлат думасига киритилган қонунга кўра, ҳар бир Россия фуқароси бошқа бир шаҳар ёки ҳудудга келгач, уч ойдан ортиқ кўпроқ муддат қоладиган бўлса, албатта, келган жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтиши керак. Бу ҳолатда Москва ёки Санкт-Петербургда вақтинчалик рўйхатни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, 3 мингдан 5 минг рубл(92-153 АҚШ доллари)гача жарима тўлашлари талаб қилинади. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич 2 мингдан 3 минг рублга тенгдир.  Полиция вакиллари сўраганда паспортни олиб юрмаган вояга етмаганлар ҳам шу миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Янги қонунга кўра, Россия фуқаролари, албатта, ўз ёнларида паспортини олиб юришлари лозим.

Қалбаки равишда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш 100 — 500 минг (3000-15000 АҚШ доллари) рубль миқдорида жарима тўлашга ёки 3 йилгача мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бундай таъсир чоралари россияликлар учун ҳам, хорижий мамлакат фуқаролари учун ҳам бир хилдир.

Фақатгина турар жой эгасининг қариндошлари учун истисно қўлланилади. Бобо, буви, турмуш ўртоқлари, болалари, болаларнинг турмуш ўртоқлари, ота-оналар, ота-оналари ва набиралар турмуш ўртоқлари шундай қариндошлар ҳисобланади.

Москва ва Ленинград вилоятларида истиқомат қилувчилар шаҳар(Питер ёки Москва)да вақтинчалик рўйхатдан ўтиши талаб қилинмайди.

Ҳозирча қонун лойиҳасида вақтинчалик рўйхатдан ўтиш қанча турар жой майдони асос қилиб олиниши номаълум. Айрим депутатлар буни 9 метр квадрат, айримлари эса 6 метр квадрат тарзида кўрсатишни таклиф қилишмоқда.   Ана шу ҳолатда стандарт бир хонали квартирада 3 кишидан ортиқ одам рўйхатдан ўтиши тақиқланади.

Давлат думаси конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси ўринбосари Александр Агеевнинг фикрича, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ текширувларни ким амалга ошириши қонун лойиҳасида ўз аксини топмаган. Турар жойларда коммунал хизмат ходимлари ушбу тартибни амалга оширишлари мумкин.

Россия президенти маъмуриятининг қайд этишича, қонун лойиҳаси солиқ органлари, ҳарбий комиссариатлар ҳамда судларга юз минглаб россияликлар қаерда юрганини аниқлашга яқиндан ёрдам беради. Яна бир гуруҳ қонун тарафдорларининг фикрича, қонун яширин йўллар билан турар жойни ижарага бериб келаётган фуқароларни солиққа тортиш имкониятини ҳам кенгайтиради.