“Ватандош” жамияти семинарлар ўтказишни йўлга қўйди

Ҳамюртларимиз учун ҳуқуқий,  ижтимоий,  тиббий ва бошқа соҳаларда ўзбек тилида мутахассислар тарафидан семинарлар ўтказиш “Ватандош” жамияти олдига қўйилган мақсадлардан бири эди.

1 декабрь куни “Ватандош” жамияти қошида Даромад солиқлари ҳамда банк ҳисоботлари ҳақида биринчи семинар ўтказилди.  Унда ватандошларимиз солиқ тўлашга оид кўплаб саволларига жавоб топиш имкониятига эга бўлди.  Семинарда 40 га яқин юртдошимиз иштирок этди.

Семинарни узоқ йиллардан бери АҚШда яшаб фаолият юритиб келаётган соҳа мутахассислари – жамоат ҳисобчиси Закир Алиев ҳамда шахсий тижорат бўйича мутахассис Озода Жовлиева олиб борди.  Шунингдек,  иштирокчилар қаторида ташриф буюрган яна бир даромад солиқлари бўйича мутахассис Диёра Раҳманова ҳам мавзу бўйича ўз фикрлари,  маслаҳатлари ҳамда таклифлари билан йиғилганларнинг саволларига жавоб бериб борди.

Seminarda ishtirok etgan mutaxassislardan yana biri Ozoda Jovliyeva qatnashchilarning savollariga javob bermoqda.
Семинарда иштирок этган мутахассислардан яна бири Озода Жовлиева қатнашчиларнинг саволларига жавоб бермоқда.

Семинар давомида шунга амин бўлдикки,  кўпчилик юртдошларимиз даромад солиқлари ҳамда банк ҳисоботлари,  кредит миқдорлари ҳақида унчалик катта тасаввурга эга эмас,  ёки бошқа бир маънода айтадиган бўлсак,  айнан улардаги ушбу тор тасаввур доираси анчагина хато ва тушунмовчиликларга йўл очган экан.

Мутахассис Закир Алиевнинг таъкидлашича,  Америка жуда кечиримли давлат,  билмай қилиб қўйган хатоларни кечиради.  Аммо у алдаганларни асло кечирмайди,  бу юртда ҳийла ва алдовга ўрин йўқ,  деди у.

Diyora Rahmanova
Даромад солиқлари бўйича мутахассис Диёра Раҳманова (чапда)

Даромад солиқларини топшириш борасидаги саволлар,  уни қачон рўйхатдан ўтказиш (Income Tax Filing),  кимлар,  яъни қандай даромадга эга кишилар унга жавобгар,  ушбу жараён давомида билиб-билмай қилинган хатоларга ким жавобгар ва ушбу ҳолатда кимларга мурожаат этиш керак,  оилада бирга яшайдиган ва яшамайдиганлар қандай рўйхатдан ўтиши керак,  йиллик даромад солиқларини рўйхатдан ўтказиш ижтимоий ёрдам ва нафақаларга (Social Security Benefitsц) қай даражада таъсир этади,  ишда жароҳат олганларнинг солиқ олдидаги мажбуриятлари қай даражада каби кўплаб долзарб масалалар муҳокамага олиб чиқилди.  Ва албатта,  ўз ишининг усталари бўлган Закир Алиев ва Диёра Раҳманова буларга мунтазам жавоб бериб борди.  Банк ҳисоботи ҳамда кредит тарихига оид барча саволларга эса “Bank of America” (Америка банки) вакиласи Озода Жовлиева жавоб берди.

"Vatandosh" jamiyati faollaridan biri Jo'ra Bo'tako'z soliq to'lashning ahamiyati haqida gapirmoqda.
“Ватандош” жамияти фаолларидан бири Жўра Бўтакўз солиқ тўлашнинг аҳамияти ҳақида гапирмоқда.

Суҳбат жуда қизғин ва қизиқарли бораётганидан қатъи назар,  вақт чегаралангани сабаб семинарни талаб ва таклифларга биноан келажакда яна давом эттириш режалаштирилди.

"Vatandosh" jamiyati faollaridan yana biri Norxo'ja Sadikov o'z tajribalari bilan o'rtoqlashmoqda.
“Ватандош” жамияти фаолларидан яна бири Норхўжа Садиков ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Йиғилиш сўнгида “Ватандош” жамияти фаоллари Жўра Бўтакўз ва Норхўжа Садиковлар ўзга юртда яшаб туриб уларнинг қонун-қоидаларига риоя қилиш,  тартиб-интизом ила иш юритиш қанчалик муҳимлигини,  биз ватанимиз вакиллари сифатида ушбу юртга ўрнак бўлишимиз кераклигини ҳамда бунинг учун билим олишнинг қай даражада ўрни катталигини яна бир бор эслатиб, даврани расман ёпиб бердилар.  Меҳмонлар эса мутахассисларга ўз миннатдорликларини билдиришди.

“Ватандош” жамияти фаолларининг хабар беришича, яқин келажакда ватандошларимиз учун иммиграция,  ижтимоий таъминот (Social benefits,  food stamps,  housing benefits),  иш топиш каби мавзуларда семинарлар ўтказиш режаланмоқда.

Нилуфар САЛИМОВА