Ёшларнинг Жиноят кодексида белгиланган “ҳуқуқлари кафолатлари” ёхуд 1978 йилда туғилган Абдулла Авлоний ҳақида

Fikr.Uz
Fikr.Uz

Uz24.uz сайти кўплаб ота-оналар ва ўқитувчиларнинг дарсликлардаги хатолар ва ноаниқликар юзасидан қилган шикоятлари асосида бир қатор дарслик ва қўлланмаларни таҳлил қилиб чиқди.

Таҳлилда келтирилишича, 9-синф “История Узбекистана” дарслиги (С. Тиллабоев ва А. Замонов (2010 г.))нинг 94-бетида фан ва санъат арбоблари, хусусан, Абдулла Авлоний ҳақида ҳикоя қилинган. Китобда ёзилишича, у 1978 йилда туғилган. Кейинги қаторда эса Авлонийнинг 1907 йилда “Шуҳрат” газетасига асос солгани қайд этилган. Шунингдек, унинг “Биринчи муаллим” ва “Иккинчи муаллим” китоблари муаллифи экани ҳам келтириб ўтилган. “Бироқ, худди шу саҳифада ушбу китобларнинг муаллифи Мунаввар Қори экани ёзилган”, — дейилади сайт мақоласида.

Сайт китобда бу каби хатолардан ташқари, тўлиқсиз ва ноаниқ ёзилган гаплар ҳам учрашини ҳам қайд этган. “Масалан, 17-бетда XIX асрда Марказий Осиё мамлакатларида қурилиш ривожлангани ёзилган. Бу айниқса аср ўрталарига келиб ўзининг юқори чўққисига етгани айтилади. Хива хонлиги шаҳарларида кўплаб иморатлар – саройлар, бозорлар, мадраса ва масжидлар ва бошқа бинолар қурилган. Аллақулихон ва Муҳаммад Аминхон мадрасалари ҳам худди шу услубда барпо қилингани қайд этилган. Бироқ, саҳифада айнан қайси услуб ҳақида гап бораётгани унутиб қолдирилган, назаримизда”, — сайт ижодкорлари.

Шунингдек лицей ва коллежлар учун Конституция дарслигида ҳам тушунарсиз ҳолатларга гувоҳ бўлиш мумкин. (Муаллифлар: Х. Одилкариев, Р. Қаюмов, Х. Назаров ва бошқ. (2010 г.))

Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституция билан кафолатлангани қайд этилгани ҳолда, негадир ёшларнинг ҳуқуқлари кафолатлари Жиноят кодекси билан белгиланиши баён этилган.

Сайт ижодкорлари бундай хатолар кўплигини афсус билан тилга олади. “Жумладан, математика фани дарсликларида кўплаб хатоларга йўл қўйилгани сабабли, улар бу йил қайтадан нашр қилинди. Балки, барча дарсликларни синчиклаб текшириб чиқиш вақти етгандир, токи улар келажак авлодларимизнинг билимли бўлиб вояга етишларига хизмат қилсин”, — деб ёзади муаллиф.