Буюк Британияга узоқ муддатга борувчилар янги йилдан сил касаллигига текширилади

Ташқи ишлар вазирлар Уильям Ҳейг ва Абдулазиз Комилов.
Икки давлат ташқи ишлар вазирлари Уильям Ҳейг ва Абдулазиз Комилов.

2013 йилнинг 31 декабридан Буюк Британияга узоқ муддатга ташриф буюрадиган Ўзбекистон резидентлари виза аризасини топширишдан олдин сил хасталигига текширилиши шарт.

Буюк Британиянинг Ўзбекистон элчихонаси тарқатган хабарда келтирилишича, агар фуқаролар 31 декабрь куни ёки ундан кейин Буюк Британияга 6 ойга ёки ундан узоқ муддатга ташриф буюрмоқчи бўлса — сил касаллигига чалинмаганлигини қайд этиш учун махсус тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

“Агар виза аризасини 31 декабрдан олдин топширмоқчи бўлсангиз – сиз тиббий кўрикдан ўтишингиз шарт эмас”, — дейилади элчихона ахборотида.

Хабарда келтирилишича, ушбу тартиб Буюк Британияга турист сифатида ёки бошқа мақсадда қисқа муддатга келаётган меҳмонларга қўлланилмайди.

Қаллиқ визасига (турмуши расмий қайд этилмаган келин/куёвлар визаси) топширган аризачилар бундан мустаснодир.

Элчихона тиббий кўрик ҳақида ва Ўзбекистондаги бундай кўрик амалга ошириладиган тиббий муассаса ҳақида батафсил маълумот Буюк Британия Ички ишлар вазирлигининг вебсайтида мавжудлигини маълум қилган.