Венесуэла президенти мамлакатда автомобиллар нархини туширишга буйруқ берди

AFP
AFP

Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда сотилаётган автомобиллар нархини пасайтириш ҳақида фармонга имзо чекди. “КоммерсантЪ”нинг ёзишича, у шу йўл билан “машина савдоси билан шуғулланаётган мафияларга барҳам бериш”ни ният қилган. Таҳлилчилар фикрича, Мадуро яқин кунларда бўлиб ўтадиган ҳудудий сайловларда ўз нуфузини янада кучайтириш мақсадида мана шу ишга қўл урган.

Мадуронинг қонун мақомига тенг мазкур фармони автомобилларга “адолатли нарх” ўрнатишни кўзда тутади. Ҳукумат вакиллари яқин  кунларда автомобиль йиғувчи заводлар раҳбарияти билан учрашишни ҳамда уларга автомобиллар учун нархни қанчалик тушириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатдаги автосалонлар ҳам жиддий текшириш ва назоратга учрайди.

Мадуронинг бундай кўламдаги фармонни қабул қилишида мамлакат парламентининг яқинда унга фавқулодда ваколатларни яна бир йилга узайтиргани муҳим ўрин тутади. Бунгача Мадуро иккита қонунга имзо чекди: улардан бири товарлар реализациясида даромадларни назорат қилиш бўлса, иккинчиси импортни назорат қилишга тааллуқлидир.

Газетанинг ёзишича, Венесуэла президенти мамлакатдаги “буржуазия паразитлари”га қарши оммавий кураш эълон қилган. Ноябрь ойининг сўнгги мамлакат парламенти унга айрим қонунчилик ваколатларини тақдим этди. Бу, Мадуронинг сўзларига кўра, унга мамлакатда “коррупция ва иқтисодий муаммолар”га қарши курашишда қўл келади.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Мадуро ўзининг янги “ижтимоий адолат” сиёсатини дастлаб электрон ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорларга қарши курашдан бошлади. Мадуронинг буйруғига кўра, ҳарбийлар Венесуэладаги асосий савдо магазинларини қўлга олди. Натижада 10дан ортиқ товарлар нархи 60-90 фоизгача арзонлаштирилган.