Сочсиз қаҳрамонлар

The Guardian
The Guardian

Эронлик ўқитувчи Али Муҳаммаджон ўқувчиларидан бири номаълум хасталик боис кал бўлгани учун ўртоқлари томонидан калака қилинаётганини кўргач, у билан бирга эканлигини намойиш қилиш мақсадида ўз сочини тўлиқ олиб ташлади ҳамда орадан кўп ўтмай синфдаги барча ўқувчилар ҳам шундай йўл тутишди.

The Guardian’нинг ёзишича, ҳозир Эрон ғарбидаги курдларнинг Мариван шаҳридаги Шайх Шолтут бошланғич мактаби ўқитувчиси Муҳаммаджон миллий қаҳрамонга айланди. Президент Ҳасан Руҳоний унга ташаккур билдирди, ҳукумат эса ўқувчини даволаш учун молиявий кўмак кўрсатди, у ҳақдаги ҳикоялар мамлакатнинг барча нуқталарига етиб борди.

“Бу минглаб одамларнинг қалбига етиб боргани ва ижобий реакциясига сабаб бўлганидан бахтиёрман, ҳозир мактабда ҳам сочини олишни хоҳламоқда”, — дейди ўқитувчи.

Бир ойча бурун Муҳаммаджон саккиз яшар ўқувчи Маҳон Раҳимий билан тушган суратини Facebook’га жойлаштириб, “бизнинг бошимиз соч билан яхши чиқишмайди”, — деб ёзади.

“Маҳон кал бўлиб қолганидан сўнг камгап бўлиб қолади. Юзидан табассум йўқолади. Дарсларни ўзлаштиришидан хавотир ола бошладим. Шу боис бугун сочимни олиб, уни аввалгидан ҳолатга қайтармоқчиман”, — деб қайд этади.

Муҳаммаджоннинг таъкидлашича, эртасига facebook’даги саҳифасини текширишга кирганида, ушбу фотосурат йиққан “менга ёқди (like)”ва “улашиш (share)”нинг кўплигини кўриб ҳайрон қолади.

Эрон оммавий ахборот воситалари, хусусан, марказий телеканал ундан интервью олади. Таълим вазири Али Асғор Фоний эса ўқитувчи ва ўқувчини Теҳронга расмий ташаккур билдириш учун таклиф қилади. Курдистон музофоти губернатори Абдулмуҳаммад Зоҳидий эса президентнинг мактубини уларга етказади.

Ушбу воқеалардан сўнг Муҳаммаджоннинг синфидаги 23 нафар ўқувчи ҳам ўз сочларини таги билан олдиришни талаб қилишади. “Теҳрондан қайтиб, синфга кирсам, ҳамма кал эди”, — дейди ўқитувчи.

Теҳрондаги Розий касалхонаси шифокорларининг телевидениега айтишича, Маҳоннинг соғлиғи жиддий текширувдан ўтказилмоқда, унинг иммун тизимида муаммолар бўлиши мумкин. Муҳаммаджоннинг айтишича, шифокорлар Маҳоннинг анализларини Германияга аниқлаш учун юборган.