Ўзбекистонда бўлажак спортчиларни ген орқали аниқлаш бўйича тадқиқот олиб борилмоқда

gen_1

Ўзбекистонда бўлажак чемпионаларни генетик жиҳатдан аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон фанлар академияси Биоорганик кимё институти одам геномикаси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори, профессор Рустам Муҳамедовнинг “Правда Востока” газетаси айтишича, ҳозирда бу борада иш олиб борилмоқда.

Олимнинг қайд этишича, ҳозирги кунда спортчиларни молекуляр-генетик даражада танлаб олишни бажариш бўйича тадқиқотлар олиб бориш жуда муҳим ҳисобланади. Унинг ишонича, ана шу йўл билан ҳам ёш авлод вакилларининг футбол, енгил атлетика, сузиш ва бошқа спорт турларига бўлган қизиқиш ва салоҳиятини эрта аниқлаш мумкин бўлади.

Бу йўналишда лаборатория тадқиқотлари натижасида муайян ген туркуми тақдим қилинади. Улар асосида бўлажак чемпионларни аниқлаш мумкин бўлади.

“Биз тегишли федерациялар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Истиқболда бўлажак спорт юлдузларини аниқлаш бўйича аниқ натижаларга эришишни ният қилганмиз. Бу спортчилар самарадорлигини ошириш, жисмонан соғлом авлодни шакллантиришда қўл келади”, — деди профессор.