Гулчеҳра Жамилова: “Томошабиннинг дидсизлиги мени хавотирга солади”

478506

Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг айтишича, ҳаёт — катта театр. Айниқса, бугун. Рост ё ёлғон нима, чин ёки рўё қайси, режиссёр, актёр ёхуд суфлёр ким — фарқлаш қийин бўлиб боряпти. Уйда, ишхонада, кўчада бошқа-бошқа ниқоблар.  Ўзидан бир даража баланд ё паст лавозимли одамларнинг олдида — ўзга қиёфада турланишу тусланишлар. Вазият талаб қилса, оддий сом­сапазнинг олдида ҳар қандай актёр ип эшолмай қолади.

Актрисанинг «Оила даврасида» газетаси мухбири билан суҳбатида айтишича, бу фазилат эмас, балки зарурат. Чунки ҳаётнинг ўзи бир хилликни, қотиб қолишни, тўхтамни ёқтирмайди. Бироқ бу кўникмага айланиб қолса — хатарли. «Бундайларга халқимиз бир нисбат беради — артистлик. Аммо бунинг санъатга алоқаси йўқ», — дейди у.

Гулчеҳра Жамилованинг айтишича, санъаткор одамлардан илгарироқ юриши, уларни ҳар томонлама юксакликка етаклаши керак. Санъатдаги таназзул жамиятга ҳам кўчиши мумкин ёки аксинча. Ҳар қандай асарда маъно ва маънавий мақсад бирламчи бўлиши керак. Чумчуқни ҳам қассоб сўймаса, гўштини ҳалоллаб ололмайди. Бугун қатор ўзбек кинофильмлари дунё экранларига чиқмоқда, халқаро совринларни олмоқда. Бироқ бу соҳага ўз касбининг усталаридан кўра ҳавасманд ё шуни даромад манбаига айлантирмоқчи бўлган кимсалар ҳам аралашиб қолаётгани бор гап. Уларнинг хом-хатала фильмлари катта экранларга кўчмоқда. Кўпида янги фикр, янги тасаввур йўқ. Образлар ўхшаш, сюжетлар сийқа, кадрлар эгизакдай гап. “Образ одамларга нимадир берса, уни, албатта, ижро этаман. Тоғора-ноғора-ю қуда-анда, қайнона-келин можароси асосига қурилган сюжетлар менга тўғри келмайди. Мен учун санъатнинг ўзаги, «туз»и — ахлоқ, янги фикр. Ўша гапда айтилгандай, агар тузнинг ҳам таъми бузилса, шуб­ҳасиз, фожиа бўлади. Бунга йўл қўйиш ўзимизга лоқайдликдир”, дейди халқ артисти.

Унинг фикрича, нафақат ўзбек, умуман, аёл саҳнада ҳар томонлама ўрнак бўлиши керак. Бу — иффат, ҳаё, ор-номус масаласи. Агар санъаткор аёл ўз либоси, гап-сўзи, ўзини тутиши ё ҳаёти билан ўрнак бўлолмаса, унинг санъати ҳам қадр­сиздир.

Гулчеҳра Жамилова ўзбек кино санъатининг бугунги муаммолари ҳақида фикр юритар экан, “шу пайтгача яхши асар йўқ, деб жаврадик. Энди ўйласам, бу кўпроқ баҳонага ўхшайди»,  дейди.

Унинг қайд этишича, чунки юқори савияли асар Софоклу Шекспир даврида ҳам муаммо бўлган-ку. Санъатнинг вазифаси битта — инсон қалбини борича кўрсатиш. Бунга эришиш эса тенг савияли драматург, режиссёр ва актёрлар жамоасининг шаклланишига боғлиқ. Бу масалада энг хавотирга соладигани — томошабиннинг дидсизлиги, нима тақдим этилса, индамай қабул қилиши. «Комедия де­йилган кўп «асар»ларни кўриб, ўйлайман — шу бачкана томошанинг нимаси кулгили? Қандай юки бор? Ҳар бир асар — миллатнинг, халқнинг юзи эканини унутмаслик керак»,  дейди у.