Исроил мудофаа вазири Жон Керридан кечирим сўради

EPA/ARIEL HARMONI
EPA/ARIEL HARMONI

Исроил мудофаа вазири Моше Яалон АҚШ давлат котиби Жон Керридан расман кечирим сўради. Бу ҳақда яҳудий давлати ҳарбий идорасининг коммюникесида маълум қилинган. Яалон “агар Давлат котиби вазирга тегишли айтилаётган сўзлардан оғринган бўлса, кечирим сўрайди”, дейилади ҳужжатда. “Исроил ва АҚШ Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик музокараларини олиб боришни илгари суришда ягона умумий мақсадга эга бўлиб, улар Давлат котиби Жон Керри ташаббуси остида олиб борилмоқда”, дейилади расмий кечирим хатида.

Исроил мудофаа вазири Оқ уй матбуот котиби Жей Карни уларни “ҳақорат” ва “ножоиз” деб атаганидан сўнг кечирим сўрашга мажбур бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг “Едиот Ахронот” газетасининг ёзишича, Яалон гўёки Исроилга Жон Керри томонидан тақдим қилинган тинчликка эришиш режаси қоғоз сарфлашга ҳам арзимайди, уни “ноўрин ҳамдардлик ва диний шижоат” кўрсатиш билан изоҳлаш мумкин.

Ушбу фикрга АҚШ Давлат департаменти вакили Жен Псаки муносабат билдириб, Яалон томонидан билдирилган фикр АҚШ Исроил хавфсизлиги учун қилаётган саъй-ҳаракатлар олдида қабул қилмайдиган даражада нотўғри эканлигини айтди.
АҚШ ташқи ишлар маҳкамасининг бундай совуқ муносабатини Оқ уй ҳам қўллаб-қувватлади.

“Давлат котиби Жон Керрининг саъй-ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш ва умуман, унинг мотивларини нотўғри талқин қилиш бизнинг яқин иттифоқдошимиз бўлган давлат мудофаа вазиридан кутаётган нарсамиз эмас”, — деди Оқ уй матбуот котиби Жей Карни.

Қўшма Штатлар ўзининг Яқин Шарқдаги энг яқин шеригидан бундай танбеҳни жуда оғриқ билан қабул қилди. Қолаверса, Яалоннинг ўз ватанида тор доирадаги суҳбатлардан бирида айтган гапи нафақат АҚШда, балки Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу томонидан ҳам танқид қилинди.