МТС Ўзбекистонга қайтиш бўйича музокаралар олиб бормоқда

С. Портер / Ведомости
С. Портер / Ведомости

Россиянинг МТС мобиль алоқа оператори мулкдори АФК «Система» директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенков ҳозирда МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтиши бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Владимир Евтушенков «Ведомости» газетаси мухбирининг «МТС алоқа операторининг Ўзбекистонга қайтиши мумкинми?» қабилидаги саволига ижобий жавоб қайтарар экан, ушбу музокараларда ўзи ҳам иштирок этаётганини тасдиқлаган.

«Ҳа, иштирок этяпман, аммо ҳозирча ҳеч қандай силжишлар кузатилмаяпти. Амалга ошса – яхши, йўқса – буям яхши. Бугун МТС-Ўзбекистон биз учун тарихга айланиб улгурди. Албатта, операторнинг қайтиши МТС учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам ёмон бўлмасди», – деб таъкидлади Евтушенков.

Kun’нинг ёзишича, 2012 йилнинг июлида Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (аввалги Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги) хизмат кўрсатишдаги кўплаб қоидабузарликлар сабаб «МТС-Ўзбекистон» лицензияларини аввалига тўхтатган, сўнг барча лицензияларини чақириб олганди. Суд ушбу қарорни маъқуллаган ва мамлакатнинг энг йирик уяли алоқа оператори абонентларга хизмат кўрсатишни тўхтатган эди. 2013 йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Олий хўжалик суди «МТС-Ўзбекистон»нинг лицензиялари чақирилиб олиши юзасидан кассацион шикоятини қониқтирмади.

Апрель ойи охирида Тошкент шаҳар хўжалик суди, «МТС-Ўзбекистон» Ўзбекистон солиқ органлари томонидан билдирилган 600 миллион доллар миқдоридаги молиявий даъволарни қоплай олмаслиги муносабати билан, компанияни банкрот деб тан олганди. Ушбу молиявий даъволар, 2012 йилнинг сентябрь-ноябрь ойлари давомида компаниянинг бир қатор юқори мансабдор ходимлари назоратсиз даромадни ўзлаштиришда айбланиб, жарима ва ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинганидан сўнг эълон қилинган эди.

Июль ойидан бери тугатиш комиссияси 1,07 триллион сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича тахминан 490 миллион доллар) «МТС-Ўзбекистон» активларини уч марта сотишга уриниб кўрди, бироқ барча уринишлар муваффақиятсиз тугади. Август ойида компания кредиторлари мулкни маҳаллий ҳокимлик органлари ихтиёрига топшириш тўғрисида қарор қабул қилишди.