Барак Обама Америка Миллий хавфсизлик агентлигини ислоҳ қилмоқчи

obama-nsa

АҚШ президенти Барак Обама Американинг энг ёпиқ ташкилотларидан бири — Миллий хавфсизлик агентлигини ислоҳ қилиш бўйича режасини омма эътиборига ҳавол этади. Маълум бўлишича, президент хавфсизлик хизматининг телефон мулоқотларини эшитиш, электрон ёзишмаларни кузатиш ҳамда хорижликлар устидан айғоқчилик қилиш бўйича имкониятларини чекламоқчи. “КоммерсантЪ”нинг ёзишича, президентнинг режасига қарши хориж разведкаси устидан назорат қилиш бўйича махфий суд аъзолари, шунингдек, Федерал тергов бюроси директори ўз эътирозини билдирди. Уларнинг фикрича, ислоҳотлар АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади.

Эдвард Сноуден томонидан махфий ҳужжатларнинг омма эътиборига ҳавола этилиши ва унинг Россиядан қўним топишидан сўнг Барак Обама махсус экспертлар гуруҳини ташкил қилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида мазкур гуруҳ ўз тавсияларини Оқ уйга тақдим қилди. Маълум бўлишича, Обама айнан ушбу экспертлар гуруҳи тавсиялари асосида Миллий хавфсизлик агентлигини ислоҳ қилишни ният қилган.

The New York Times’нинг ёзишича, Оқ уй хавфсизлик хизматининг телефон мулоқотлар ва электрон ёзишмаларни кузатиш имкониятларини чеклаб, кузатув кўламини қисқартирмоқчи. Шунингдек, маълумот йиғишнинг янги қоидалари жорий қилинади.

Ислоҳотлар натижасида Миллий хавфсизлик агентлиги гумондорлари доирасига тушиб қолган “нишон”лар сони қисқаради. Агар хавфсизлик хизматлари ҳозирги кунда асосий гумондор билан боғлиқ уч нафаргача одамнинг телефон ва электрон ҳаракатини кузатса, ислоҳотлар натижасида бу сон икки нафарга тушади. Шахсий маълумотлар ўрин олган маълумотларни сақлаш муддати ҳам қисқартирилади. Президентнинг таклифига кўра,  махфий судларда фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари таъминланиши амалиётини кузатиб бориш учун омбудсман лавозими жорий қилинади.

Айни пайтда хорижликлар устидан разведка олиб бориш тартиби ҳам ўзгаради. Ҳозирча бу қай тартибда амалга оширилиши номаълум.  Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу ислоҳотлар ҳам экспертлар гуруҳи тавсияларига асосланади. Экспертлар АҚШ ўз иттифоқчилари устидан айғоқчиликни бутунлай тўхтатишни, умуман, хорижлик устидан кузатувни имкон қадар қисқартиришни таклиф қилган эди.

Натижада Америка хавфсизлик хизматлари дўст мамлакатда фақат террористик таҳдидлар, жиноий фаоллик ҳамда оммавий қирғин қуроллари тарқалиши билан боғлиқ ҳолат ҳақида ахборот йиғиш ҳуқуқига эга бўлади.

Барак Обама экспертларнинг икки таклифини қўллаб-қувватламаган. Президент Миллий хавфсизлик агентлиги ваколатларини иккита идорага ажратиш ҳамда мамлакатнинг энг махфий ташкилотини фуқаролик мақомидаги амалдор эгаллашига ҳам қаршилик қилди. У, шунингдек, хавфсизлик хизмати томонидан тўпланган маълумотларни хусусий телекоммуникация компанияларига беришга розилик билдирмади. Телекоммуникация операторлари экспертларнинг бу таклифига қатъий эътироз билдиришди. Уларнинг фикрича, бу ортиқча харажатларга йўл очади. АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги томонидан йиғилган ахборотларнинг ҳажми ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Айрим маълумотларга кўра, бу 27 терабайт бўлиб, АҚШ Конгресси босма маълумотларидан икки баравар кўпдир.

Ислоҳотлар ҳали президент томонидан эълон қилинмасдан разведка хизмати вакиллари томонидан кескин танқид қилинмоқда. Федерал тергов бюроси директори Жеймс Комининг айтишича, ислоҳот махсус хизматлар фаолиятини қийинлаштиради, уларнинг террор таҳдидига қарши курашишдаги иш самарадорлигига ҳалақит беради. Жаноб Коми, айниқса, ҳар бир суриштирув ишларини олиб боришда махфий суд санкциясини олиш ҳақидаги талабга жиддий эътироз билдирди. Унинг сўзича, бу кунлаб, ҳафталаб давом этиши мумкин.