Яроқсиз ҳолга келган паспорт билан Ўзбекистонга бориш мумкинми?

Савол:  Паспортимни ўртоғим жаҳл устида йиртиб ташлади.  Вароқлари жойида,  лекин белидан йиртилган,  ғижимланган. 4-5 та қоғози ярмигача йиртилган.  Мен бу паспорт билан Ўзбекистонга учиб кета оламанми?

pasportЖавоб:   Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сиз айтган даражада йиртилган бўлса,  улар яроқсиз ҳолга келган ҳужжат деб ҳисобланади ва амал қилишдан тўхтайди.  “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига кўра,  паспорт фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келганда уни алмаштириш лозим бўлади.

Паспортни қаерда алмаштириш сизнинг хорижий давлатдаги статусингизга боғлиқ.  Агар хорижий давлатда вақтинчалик визада бўлсангиз  (яъни хорижий давлатда доимий яшовчи шахс бўлмасангиз),  паспортингизни Ўзбекистонга қайтиб бориб алмаштиришингиз лозим бўлади.  Ўзбекистонга қайтиб бориш учун эса сиз яшаб турган давлатдаги Ўзбекистон республикаси элчихонаси ёки консуллик муассасасига Ўзбекистонга қайтиш сертификатини олиш учун мурожаат қилишингиз керак.

Ўзбекистонга қайтиб боргач,  паспортингизни алмаштириш учун доимий рўйхатдан ўтган туман ИИБга паспорт алмаштиришни сўраб мурожаат қиласиз.

Паспорт алмаштирилганда эски паспортингизда бўлган ОВИР визаси ҳам кўчириб берилади.  Паспорт алмаштирганда эски паспортингизни ИИБга топширишингиз лозим.  Паспортни топширишдан олдин унинг барча бетларидан нусха кўчириб олинг.  Кейинчалик эски паспортингиз ҳақидаги маълумотларни тиклашда кўчириб олинган нусхалар фойда беради  (Масалан,  хорижий давлатнинг визасини олишда эски паспортдаги визангизни кўрсатишингиз мумкин).

Фуқаро паспортни эҳтиётлаб сақлаши лозим.  “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низомнинг 43-бандида паспортни атайин яроқсиз ҳолга келтирганлик,  авайлаб сақламай уни йўқотганлик учун жавобгарлик (маъмурий жавобгарлик – жарима ундирилади) белгиланган.  Аммо сизнинг ҳолатингизда,  паспортингизни сиз эмас,  балки бошқа шахс яроқсиз ҳолга келтирганлиги учун сиз жавобгарликка тортилмайсиз.  Агар хоҳласангиз,  паспортингизни яроқсиз ҳолга келтирган шахс устидан Ўзбекистон Республикаси ИИБ бўлимига ёки ўзингиз яшаб турган чет элдаги маҳаллий полицияга шикоят қилишингиз мумкин.  Бундай шикоят орқали паспортингизни яроқсиз ҳолга келтириш орқали сизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни ҳам талаб қилишингиз мумкин.

Мақола “Ташаббус” сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.