Барак Обама: “2014 йил аниқ ишлар йили бўлади”

state-of-the-union-2014-ee26be15a834fad8jpg-84d2f2004f76545d

Маълумки, АҚШ президенти Барак Обама 28 январь куни Конгрессда миллатга анъанавий мурожаати билан чиқди. Ушбу нутқ сўнгги йилларда Обама фаолиятига берилаётган танқидларга жавоб бўлди. Чунки унда президент Конгресснинг инжиқликларига чидай олмаслигини, қонун доирасида парламент дастагисиз ҳам ҳаракат қилишини маълум қилди.

“Мен барчангиз билан ишлашга интиламан. Аммо Америка кутиб турмайди, мен ҳам. Шунинг учун қаерда бўлса ҳам, қачаон бўлса ҳам кўплаб америкалик оилаларга имконият эшикларини кенгайтириш ишига қонунсиз ҳам қадам ташлай оламан ва шундай қилмоқчиман”.

Бу Барак Обаманинг Конгрессда қилган мурожаатининг асосий мағзи, десак хато бўлмайди. Зеро, Обама ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун Конгрессни айланиб ўтишга тайёрлигини билдирди.

Хўш, умуман, Обаманинг мурожаатида қандай жиҳатлар қамраб олинди?

Иммиграция

Агар жорий йилда конгрессменлар билан биргаликда ҳал қилиш мумкин битта масала бўлса, у ҳам мамлакатнинг иммиграция қонунчилигини такомиллаштиришдир. Аммо Барак Обама ушбу қонун масаласига ўз мурожаатида кўп ўрин бермасдан, агар қонун қабул қилинса, иккинчи муддатдаги президентлигининг энг катта натижаси бўлишини айтиб ўтди.

“Бизнес, меҳнат, диний ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг чақириғига эътибор қаратиш вақти етиб келди. Ишдан чиққан иммиграция тизимимизни тузатиш даври келди”, — деди Обама.

Қонун Вакиллар палатасидан силлиқ ўтиши қийин масала. Боисики, республикачилар ноқонуний мигрантларга легал мақомини беришга рози бўлса-да, фуқаролик масаласида гапиришдан ўзларини тийишмоқда. Агар мазкур қонун қабул қилинса, мамлакатдаги 11 миллион ноқонуний иммигрантларнинг мақоми ўзгаради. Аммо жорий йилда ушбу масала Вакиллар палатасидан силлиқ ўтиши қийин ёки умуман, муҳокамага қўйилмаслиги мумкин. Чунки жорий йилда бўлиб ўтадиган ўрта-сайловлар бунга ҳалақит беради.

Энг кам иш ҳақи

Барак Обама ўз мурожаатида федерал идоралар ишчиларининг соатига оладиган иш ҳақини 10.10 долларга етказишни кўзда тутадиган фармонни имзолашни режалаштираётганини айтиб ўтди. Шу йўл билан у бу борада Конгресс тўсиқларига ўз муносабатини билдирмоқчи. Республикачилар фикрича, бу бизнес фаолиятига ва унинг иш жойи яратиш имкониятига салбий таъсир кўрсатади.

Иқлим ўзгариши

Барак Обама кескин ҳаракат қилиши ва Конгресс мандатисиз чоралар кўриши мумкин бўлган соҳа, шубҳасиз, иқлим ўзгаришининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирлардир. Чунки Олий суднинг қарори билан президент мамлакатда ҳаво ифлосланишининг асосий манбаи бўлган кўмир ёқиладиган корхоналар фаолиятини тартибга солиш ваколатига эга. Барак Обама Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигига топшириқ бериб, кўмир билан ишлайдиган корхоналар фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий механизмини яратишни тайинлади.  Президент жорий йилнинг 1 июнига қадар мазкур ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишни ва кейинги йилнинг июнь ойига қадар амалиётга жорий қилишни талаб қилди.

Афғонистондан чиқиб кетиш

Барак Обама ўз нутқида Афғонистон уруши америкаликлар учун қарийб тугаганини эълон қилди. “Биз ўз иттифоқдошларимиз билан йил охирига қадар ўз миссиямизни бажарамиз ва Америка шундан сўнг узоқ давом этган урушдан чиқади”, — деди у.

Унинг фикрича, агар Афғонистон ҳукумати янги хавфсизлик шартномасини имзолайдиган бўлса, АҚШ чегараланган миқдорда иккита миссияни бажариш учун ушбу мамлакатда қолади: биринчиси Афғонистон хавфсизлик кучларини ўқитиш, маслаҳат бериш ва тайёрлаш бўлса, иккинчи халқаро терроризмга қарши барқарор амалиёт олиб боришни кўзда тутади.

Обама, шунингдек, пенсия ислоҳоти борасида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

Обама нутқи рақамларда:

  • Мурожаат жами 6923 та сўздан ташкил топган.
  • Барак Обама ўз мурожаатида “Конгресс” сўзини 21 марта ишлатди.
  • Бор-йўғи уч марта “қўшпартиявийлик” деган сўзни ишлатди
  • “Иш” сўзи эса 39 марта ишлатилган.
  • Барак Обама 78 марта ўз нутқини қарсаклар боис тўхтатишига тўғри келди.
  • “Яратмоқ” феъли эса 26 марта янгради.
  • “Ёрдам” сўзи эса 39 марта ишлатилди.
  • Энг кўп ишлатилган атама “Америка” сўзи бўлди. У 83 марта ишлатилди.
  • Буларнинг барчаси 65 дақиқа ичида рўй берди.