Барак Обаманинг навбатдаги мурожаати: ваъдабозликнинг яна бир йили?

 

15-things-that-make-barack-obama-sadБугун — 2014 йил 28 январь куни АҚШ президенти Барак Обама Конгрессда ўзининг йиллик мурожаати билан чиқиш қилади. Бу унинг президентлик давридаги олтинчи мурожаати ҳисобланади.

Экспертлар, журналистлар Обаманинг жорий йилги мурожаатидан кўп нарса кутишмаяпти. Уларнинг наздида, Барак Обама ўтган йилги мурожаатида берган ваъдаларини қарийб қонунийлаштира олмади.

Масалан, у ўтган йили учта жуда муҳим масалада, хусусан: иммиграция, қурол-яроғни назорат қилиш ҳамда атроф-муҳит масаласида қилиниши керак бўлган масалаларга урғу берган эди. Шу кунга қадар ушбу йўналишда биронта ҳам қонун қабул қилинмади. Албатта, бунда Конгресс унинг йўлига ғов бўлганини айтиш жоиз.

Бундан бир неча йил муқаддам, аниқроғи 2009 йилнинг январь ойида ёш, харизматик Барак Обаманинг мурожаатидаги ҳар бир сўз диний китоблардаги сўздек қабул қилинган эди. Хўш, бугунги мурожаатини одамлар қандай қабул қилишади? Улар умуман Обаманинг мурожаатини тинглашадими?

Экспертларнинг фикрича, Барак Обама сўнгги йилларда турли муваффақиятсизлик учун республикачилар партиясини ёмонотлиқ қилиши кутилган натижани бермайди. Унинг партиядошлари ҳам анчагина муаммолар қуршовида қолишган.

Бугун Барак Обамага яқин бўлган одамларнинг кўпчилиги у оилавий, қолаверса, мамлакат ичида ҳамда халқаро миқёсда ҳам жиддий муаммолар гирдобида эканлигини таъкидлашмоқда. Аввалига Эдвард Сноуденнинг “саъй-ҳаракатлари” боис Барак Обаманинг Европадаги мавқега жиддий зарар етказилди. Оқ уйнинг Яқин Шарқ сиёсати ҳам иттифоқдош ва консерватор қарашдаги сайловчилар эътирозига сабаб бўлмоқда. Сурия, Эрон масаласида Обаманинг муроса йўлини танлагани айрим араб давлатларининг жаҳлини чиқармоқда. Айниқса, сўнгги пайтларда Саудия Арабистони подоҳлиги юбораётган сигналлар бунга яққол мисолдир.

Сурияга уруш очиш, қолаверса, соғлиқни сақлаш ислоҳотидан сўнг тегишли сайтда юз берган техник муаммолардан сўнг Барак Обама Конгресс минбарига “кўкрагини кериб” чиқа олмайди. Ҳар қалай шу саволлар уни қийнаши турган гап.

Унинг “бахти”га республикачиларнинг аҳволи президентникидан кўра оғирроқ. Республикачиларнинг америкалик аёллар, ёшлар, қора танли ва испан тилида сўзлашувчи электорат ичига кириб бориши жуда қийин кечмоқда. Шу жиҳатдан Обаманинг энг кам иш ҳақини кўтариш орқали мамлакатдаги ижтимоий номутаносибликка барҳам бериш ҳақидаги таклифи республикачилар учун жиддий бошоғриқ бўлади.

Аксарият кузатувчилар Барак Обама 2014 йилда икки масалага, яъни иммиграция масаласида, албатта, қонуний механизмни татбиқ қилиши ҳамда энг кам иш ҳақини кўтариш бўйича жиддий иш олиб бориши керак бўлади.