Халқаро арбитраж суди Исроил компаниясининг Ўзбекистонга қарши даъвосини қаноатлантирмади

about_us

Вашингтондаги Инвестициявий баҳсларни тартибга солиш бўйича халқаро маркази арбитраж суди Исроилнинг Metal-Tech Ltd корхонасининг Ўзбекистонга қарши даъвосини кўриб чиқди.

Даъво аризасида қайд этилишича, Ўзбекистон томони гўёки 1994 йили Исроил Давлати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида имзоланган инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш Битимида келиб чиқадиган хорижий инвестицияни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бузган.

Исроилнинг Metal-Tech Ltd корхонаси ва Олмалиқ конь-металлургия комбинати ҳамда Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва чидамли металлар комбинати ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари  2000 йилда бошланган. Ўшанда томонлар “Uzmetall Technology” молибден саноат маҳсулотини қайта ишлаш бўйича қўшма корхона очишади.

Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ва “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва мамлакат ҳукуматининг қатор қарорлари асосида Metal-Tech Ltd компаниясига тегишли имтиёзлар тақдим қилинади. Исроиллик ишбилармонлар, ўз навбатида, бир қатор инвестициявий мажбуриятларни, шу жумладан, молибден маҳсулотларини тайёрлашнинг замонавий технологияларини жорий қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олишади.

Аммо ҳамкорликдаги фаолият давомида Исроил компанияси Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва чидамли металлар комбинати фаолиятига ҳеч қандай технологияни жорий қилмаслиги, Ўзбекистон комбинати учун зарур бўлган молибден хом ашёсини етказиб бермаслиги оқибатида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мажбурият бажарилмайди.

Айрим манбаларга кўра, қўшма корхонанинг чет эллик инвесторларининг бир тарафлама хатти-ҳаракатлари боис Ўзбекистон Республикасининг валюта, божхона ҳамда солиққа оид қонунчилиги қўпол равишда бузилган.

Чунончи, қўшма корхона томонидан валюта даромадларининг мажбурий сотуви амалга оширилмаган, олиб кирилаётган товарларнинг нархи асоссиз ошириб кўрсатилган, “Uzmetall Technology” қўшма корхонаси маҳсулотлари жаҳон бозоридаги нархларга нисбатан арзон нархларда кўрсатилган.

Айнан нархнинг паст кўрсатилиши оқибатида қўшма корхона ўз фаолияти давомида 4 миллиард 680 миллион сўм маблағ тушумидан қуруқ қолади.

Ҳисоб-китобга кўра, қўшма корхона томонидан экспорт қилинган маҳсулотлари нархининг атайин арзон ушлаб турилиши оқибатида давлат бюджетига 3 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа мажбуриятлар бўйича тўловлар келиб тушмаган.

Қўшма корхонанинг Ўзбекистон тарафидан таъсисчилари хўжалик судига мурожаат қилиб, Исроил компанияси фаолияти натижасида олинмаган маблағларни унинг дивидентлари ҳисобидан ундириб беришни сўрайди ва суд бу талабни қаноатлантиради.

Ушбу қарорга норози бўлган Metal-Tech Ltd компанияси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Инвестиция баҳсларини тартибга солиш бўйича халқаро марказига даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Вашингтонда бўлиб ўтган Халқаро марказ арбитраж суди мажлисида ушбу масала кўриб чиқилиб, Исроил компаниясининг талабларига оид даъво аризасини кўриб чиқиш унинг юрисдикциясига кирмаслиги ҳақидаги хулосага келди. Шундай қилиб арбитраж суди Исроил компанияси талабларини рад қилди.

Компания вакиллари инвестициявий ҳамкорликнинг бундай салбий ҳолатлари истиқболда такрорланмаслигига ҳамда хорижлик шерикликнинг виждонсизларча хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитига соя ташламаслигига умид билдириб қолишмоқда.