Нуқтаи назар: Ўғирланган ғоя ёки маҳсулотдан қувонадиган бўлиб боряпмиз

bamboo_11022014
Kun.Uz

Шу кунларда Ўзбекистонда бир гуруҳ яна бир «ташаббус»га қўл уришди. Бу гал «Bamboo» деб номланган ижтимоий тармоқ — микроблог хизматини очишди. Ўзбекистонда Bamboo номли микроблоглар хизмати ишга тушди.

Kun.Uz’нинг ёзишича, «Бир мамлакат – бир тармоқ» шиори остида иш бошлаган сервиснинг 14та тилдаги (жумладан, инглиз, немис, француз, испан, шунингдек, каталон, турк ва хитойча) версияси бор, бироқ ўзбекчаси йўқ.

Сайт ўзининг имкониятлари бўйича Twitter микроблоглар хизмати деярли такрорлаган: дизайн деярли бир хил, Bamboo’да ҳам Twitter’даги каби трендлар бор; сервис ҳештеглари эса, миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлган муқобилидан фарқли равишда апостроф («’») билан ёзилган ҳештегларни ҳам қўллаб қувватлайди.

Bamboo’даги фойдаланувчининг ҳар бир хабари (Twitter’даги твит) 700тагача белгидан иборат бўлиши – Твиттерда бу борадаги чеклов бор-йўғи 140 белгидан иборат.

Бундан ташқари, Bamboo’даги хабарларга YouTube ёки Vimeo’дан видео, Soundcloud’дан овозли файл ва компьютер ёки бошқа қурилмадан суратларни илова қилиш мумкин. Хабарларни «Танланганлар»га қўшиш ва «Қайта чоп этиш» мумкин.

Бугун инновациялар, ахборот технологияларини ривожлантириш, уларни оммалаштириш одамларга қулайликлар яратишнинг муҳим омилларидан саналади. Энг муҳими, бугун интернет орқали турли “стартап”ларни ишга тушириш энг самарали бизнес йўлларидан бирига айланди.

Бугун Ўзбекистонда ҳам интернет билан боғлиқ турли лойиҳалар амалга оширилмоқда, кенг жамоатчилик фойдаланиши учун интернет дастурлар, мобиль иловалар чиқарилмоқда. Буларнинг барчаси, албатта, ҳаммани қувонтиради.

Аммо шу бирга, глобал миқёсда тан олинган дастурларнинг нусхаларини яратишга уриниш, уларни озгина ўзбекчалаштириб омма эътиборига ҳавола қилиш, уларни ОАВ орқали ёзиш ҳам кўп учраяпти.

 Албатта, бу лойиҳалар аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалашмаётган бўлса-да, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларга хайрихоҳ билан қараётган одамлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Гап ўзбекистонликларнинг қандайдир лойиҳага қўл урганида эмас, балки кўпчиликда патент ва муаллифлик ҳуқуқи қўпол равишда бузилаётган ҳолатларга бепарволик маданиятининг шаклланаётгани кишини ташвишга солади.

Шак-шубҳасиз, бу лойиҳани қайсидир ижтимоий тармоқ платформасидан ўғирланган дея даъво қила олмаймиз, аммо ҳар қандай шароитда ўғирланган ғоя ва маҳсулотга нисбатан халқда, айниқса, аҳолининг зиёли қатламида тоқатсизлик маданияти бўлгани яхши. Бу лойиҳалар дунёга Ўзбекистоннинг янги цукербергларини таништирмайди. Айнан шундай “ташаббуслар” сабабли Ўзбекистон ўз “твиттери”ни яратади, ўз “фейсбуки”ни ишлаб чиқди, деган тамға остида кесатиқларни, айбловларни ўқишга тўғри келади.

Мурод ҒОФУРОВ.