Севара Назархон: “Цензура ўз табиатига кўра жирканчли нарса”

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон янги “Мактуб” деб номланган альбомини чиқарди. Унинг айтишича, альбомнинг жанрини аниқлаш бироз мушкул. Унга 13 та қўшиқ кирган бўлиб, Севаранинг фикрича, “катталар учун поп-мусиқа” бўлиши мумкин.

Хонанданинг “Новая известия” газетасига берган интервьюсида айтилишича, альбом устида 2-3 йилдан бери иш борган.

Севара журналистнинг унинг қўшиқлари Россия эстрада бозори учун ўта жиддий эмасми, деб сўраган саволига жавоб берар экан, оммани охирги истеъмолчи сифатида кўрмаслигини айтади. “Мен аниқ бир аудитория ёки мунаққидлар учун қўшиқ ёза олмайман. Мен эгоистлардек ўзим учун қўшиқ ёзаман. Яхшиям, йилига иккита-учта альбом чиқариш талаби бўлган шартнома мажбуриятим йўқ”, — дейди хонанда.

Хонанда альбомнинг инглиз тилидаги версияси ҳам тайёр эканлигини айтади. Бу унинг инглиз тилидаги илк тажрибаси бўлади. Ушбу альбомдан эса 12 та қўшиқ жой олади.

Севара Назархон кўпроқ катта ёшдаги шоирлар билан ҳамкорлик қилишини айтади. “Қўшиқнинг мусиқасини ўзим ёзганим учун ёшлар билан эмас, балки катта ёшдаги ижодкорлар билан ишлашни маъқул кўраман. Тайёр мусиқани бераман, яхши шоир керакли сўзларни тера билади”, — дейди у.

Севара Назархон собиқ СССР ҳақида фикр юритар экан, у пайтларни илиқ хотирлашини айтади. “Балки шунақа туюлар, у пайтлар мамлакат битта ва ҳадсиз эди, ижтимоий адолат таъминланган  эди”, — деб ёдга олади.

Аммо ўша давр хонандалари билан суҳбатларда улар ижод эркинлиги жуда чекланганини айтиб қолишади. “Шу нуқтаи назардан у даврларга қайтишни истамасдим”, дейди у.

Хонанда Ўзбекистон ва Россияда бўлаётган сиёсий жараёнларни кузатиб боришини маълум қилди. Унинг айтишича, ижодда цензура бўлмаслиги керак. Айни пайтда тингловчи яхши тайёрланган, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги чегарани яхши биладиган бўлиши лозим. “Ҳар доим шунга аминманки, цензура ўз табиатига кўра жирканчли нарса”.