Прокуратура “Terra Group, Prime Media ва Gamma Promotion иши”да қонун ҳамма учун баробарлиги таъминланишини маълум қилди

    Ўзбекистон Бош прокуратураси Terra Group, Prime Media ва Gamma Promotion компанияларининг 10 нафар мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

    Расмий хабарда келтирилишича, ушбу мансабдор шахслар сохта ва ноқонуний амалиётларни амалга ошириш йўли билан Ўзбекистонда ва ундан ташқарида турли қалбаки тузилмалар ташкил этган.

    Мазкур шахслар, шунингдек, ноқонуний даромад олиш ва жиноий даромадларни қонунийлаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, хорижий валюталарни яшириш ҳамда уларни Ўзбекистондан ноқонуний ташқарига олиб чиқиш билан шуғулланишган.

    Тергов ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу шахслар гуруҳи томонидан давлатга ва алоҳида компанияларга жуда катта миқдорда зарар етказилган, дейилади Бош прокуратура ахборотида.

    “Тергов якунларига биноан жавобгарлик муқаррар ва қонун барча учун баробар эканлиги тамойиллари таъминланади”, – дейилади хабарда.

    Прокуратура жиноий иш очилган шахсларнинг исми-шарифини, улар етказган зарар ҳақида маълумотларни ошкор қилгани йўқ.

    Эслатиб ўтамиз, Terra Group, Prime Media ва Gamma Promotion компанияларининг мансабдор шахслари — Рустам Мадумаров, Гаянэ Авякян ва Екатерина Клюева прокуратура органлари томонидан терговга мажбурий олиб келинган эди.