БАА «беспилотник» ёрдамида аҳолига почта хизматини кўрсатмоқчи

Ahmed Jadallah / Reuters
Ahmed Jadallah / Reuters

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати бир қатор давлат хизматларини кўрсатишда учувчисиз ҳаракатланадиган учиш аппаратларидан фойдаланиш лойиҳаси ва технологияси учун халқаро танлов эълон қилди.

Агар муҳандислар ушбу қурилмани маромига етказиб ишлаб чиқаришса, лойиҳанинг биринчи босқичида ушбу қурилма ёрдамида расмийлаштирилган ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат ва бошқа ҳужжатларни фуқароларнинг уйига етказиш ҳамда зарур ҳолатларда тез ёрдам кўрсатиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Маҳаллий муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган бундай қурилма Дубайда намойиш этилган. “Беспилотник” ярим метрлик капалак сингари бўлиб, унинг ўртасида хат жўнатмалари учун махсус жой бор. Янги қурилма почта жўнатмаларини бармоқ излари ёки қабул қилиб олувчининг кўз қорачиғи орқали тасдиқлатиб олгандан сўнг ўз эгасига топширади. БАА фуқароларининг ва резидентларининг барча биометрик маълумотлари миллий паспорт тизимида сақланади.

Аппарат олдиндан ўрнатилган дастур доирасида ёки марказдан оператор бошқаруви асосида ҳам иш олиб бориши мумкин. Яна бир жиҳати, БАА ҳукумати ушбу қурилма орқали фавқулодда вазиятларда тез ёрдам кўрсатиш масаласини ҳам ўйлаб кўрмоқда.

Дастлабки режаларга кўра, “беспилотник”нинг илк моделлари ярим йил давомида Дубайда синовдан ўтади. Кейинги йилнинг бошидан ушбу қурилма иш режимида фаолият юрита бошлайди.  Бу борада халқаро танловнинг эълон қилинишига сабаб янги учиш аппарати БААнинг иқлимини ҳам ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак бўлади.

“Беспилотник”лардан фойдаланиш ғояси бундан аввал ҳам ўртага ташланган. Хусусан, amazon.com раҳбари Жеф Безос ўтган йили шундай  таклиф билан чиққан эди. DHL ҳам Германияда ушбу қурилмадан фойдаланиш бўйича тажриба ўтказган.