Қамчиқ довонида қатнов маромида давом этмоқда

    qamchiq_22012014

    Ўзбекистонда ҳукм сураётган совуқ ва қорли-қировли об-ҳаво шароитига қарамасдан мамлакатнинг барча стратегик автомобил йўллари, жумладан, водий вилоятларини бошқа ҳудудлар билан боғловчи Қамчиқ довони йўлларида қатновнинг бир маромда давом этишига эришилмоқда. Бу ҳақда “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

    “Барча мутасадди идоралар ходимлари, жумладан, заҳматкаш йўлчиларимиз томонидан барча имконятлар ишга солинган ҳолда ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилаётганлиги, йўллар қаттиқ назорат остида қор ва муздан, кутилмаган кўчкилар асоратидан узлуксиз тозалаб борилаётганлиги натижасида Қамчиқ довонининг энг баланд нуқталарида ҳам автомобил йўлларининг ўтказувчанлик қобилияти сақланиб турибди”, — дейилади ахборотда.

    “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси юртдошларимизни бу ҳақда хабардор қилар экан, ҳар қандай ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан ҳаракат узлуксизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўриб қўйилганлигини қайд этади ҳамда гўёки Қамчиқ довони йўллари ёпилиб қолганлиги каби турли норасмий тарқалган хабар ва миш-мишларга ишонмасликка чақиради.

    Компания, ўз навбатида, ҳайдовчиларни йўлларда хотиржамликка берилмасдан хавфсизлик қоидаларига, айниқса тезлик чегараларига қатъий амал қилишга, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳамда йўлда яхши шароит яратиш учун кечаю кундуз тиним билмай ишлаётганларнинг заҳматли меҳнатларини ҳурмат қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб ҳарорат кескин тушиб, кўп миқдорда қор ёғиши кузатилди. Синоптикларнинг прогноз қилишича, жорий ҳафтада паст ҳарорат сақланиб қолса-да, ҳаво очиқ бўлади, кучли ёғингарчиликлар бўлмайди.