Чегарани ноқонуний кесиб ўтган қорабайир давлат фойдасига мусодара қилинди

Ўзбекистон фуқаролари Чўли Амиров ўғли Тошбой ва куёви Абдижалил давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун жавобгарликка тортилди.

Шаҳрисабз туман прокурори Шерали Ашировнинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, Чўли Амировнинг беш ёшли “қорабайир” зотли оти 2012 йил декабрь ойида Туркманистон Республикасига ўтиб кетади.От шунга ўрганган бўлиб, аввалдан қўшни давлат чегарасига ўтиб-қайтиб юрарди. Зеро, жониворлар учун “давлат чегараси” тушунчаси йўқ. Гарчи улар ҳам яшаб турган ҳудудларини маълум бир тарзда белгилаб олсалар-да, қадамлари етган жойни ўзлари учун дахлдор эмас, деб билмайдилар. Дунёдаги бирорта давлатда буни тақиқловчи қонун мавжуд эмаслигини билгандай, Чўли Амировнинг қорабайири ҳам иккала давлат чегарасидан ўтиб-қайтиб бемалол ўтлаб юрарди.

Чўли Амировнинг судда кўрсатма беришича, унинг оти қўшни распублика ҳудудида қулунлаган. Кейинчалик қулуни билан бир неча марта Ўзбекистонга ўтиб келган. Жониворнинг бундай “ташрифи”ни унинг соҳиби ҳар сафар фақат узоқдангина томоша қиларди. Чўли қорабайир билан унинг тойчоғини сув ичиш учун икки давлат чегараси бўлган дарё бўйига келишини кутади ва шу ерда уни ушлаб олишга қарор қилади.

Ана шу мақсадда кўк қашқа отига минган Чўли Амиров ўғли Тошбой ва куёви Абдижалил билан бирга 2013 йил 12 апрель куни Деҳқонобод туманининг “Оқдаҳна” қишлоғидан йўлга тушади. Чегарага яқинлашганда ўғли билан куёви ўзлари миниб бораётган қизил қашқа ва қора қашқанинг жиловини дарё томон бурадилар. Дарёдан кечиб ўтиб, нариги соҳилда ўтлаб юрган қорабайир ва унинг қулунини ҳайдаб келиш тараддудида ҳаракат қилаётганларида туркман чегарачилари огоҳлантириш тариқасида овоз берадилар.

Прокурорнинг айтишича, чегарани бузиш, яъни бир давлат ҳудудидан бошқа давлатга махсус рухсатномасиз ўтиш жиноят. “Аммо Чўли Амировнинг яқинлари қонунга зид иш қилаётганларини билганлари ҳолда, Туркманистон ҳудудида ўтлаб юрган қорабайирни қайтариб келиш мақсадида чегарадан рухсатсиз ўтиб, отни қувлаб юрганларида, юқорида айтганимиздек, туркман чегарачилари уларни огоҳлантирадилар.Тошбой билан Абдижалил чегара хизмати ходимларининг овозини эшитиб, улар томонидан қонуний чора кўрилишини англайдилар ва айланма йўллар орқали Ўзбекистон Республикасига қайтиб келаётганларида Деҳқонобод тумани ҳудудида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбий қисм хизматчилари томонидан тўхтатилади ва уларнинг хатти-ҳаракати тегишли тартибда расмийлаштирилади”, деб ёзади прокурор.

Ўғли билан куёви Туркманистон чегарасида қорабайирни қувлаб юрганларида бизнинг чегарачиларимиз дарё соҳилида “от ови”ни кузатиб турган Чўли Амировнинг олдига келадилар ва унинг ҳаракатлари ноқонуний эканлигини тушунтириб, суриштирув ишларини олиб борадилар.Шундай қилиб, судланувчи Чўли Амиров ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракати билан Жиноят кодексининг 28-, 223-моддаси 2-қисмининг “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этади. Унинг шериклари ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилди.

“Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди 2013 йил 22 август­да юқорида баён этилган жиноий ишни кўриб чиқиб, қонунбузарларга нисбатан жазо тайинлар экан, жиноят воситаси ҳисобланган уч бош отни давлат ҳисобига ўтказишни лозим топди”, деб ёзади прокурор.