АҚШда “чойчақа” миқдори 1991 йилдан бери ошгани йўқ

Martin Godwin
Martin Godwin

Шу кунларда АҚШда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси вакиллари “чойчақа” нархини ошириш масаласини кенг муҳокама қилмоқда. Гап шундаки, сўнгги 23 йил давомида парковкада ёрдам берадиган, меҳмонхоналарда юк ташийдиган, маникюр, сартарош, официантлар, таом етказиб берувчиларга бериладиган “чойчақа” нархи ошмасдан келмоқда.

The Guardina’нинг ёзишича, ўтган давр мобайнида федерал миқёсда энг кам иш ҳақи соатига 7.25 долларга етган бўлса-да, хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётганларнинг хизмат ҳақи 2.13 доллар миқдорида “музлаб қолди”.

Яқинда Барак Обама ўз фармони билан федерал идоралар ходимларининг энг кам иш ҳақини соатига 10.10 долларга оширди. Бу, таҳлилчилар фикрича, ушбу идоралар ходимларига турли хизматларни кўрсатадиган ишчилар, шу жумладан, ошхоналар ходимлари маошида ҳам ўзгариш бўлишига олиб келиши мумкин.

Умумий овқатланиш муассасаларида ишлайдиган хизматчилар давлат томонидан бериладиган ижтимоий озиқ-овқат талонидан мамлакатдаги жами иш кучига қараганда икки марта кўп фойдаланишади, улар орасида камбағалликда яшаётганлар сони уч баробар кўпдир.

Хизмат соҳасидаги аёллар, айниқса, бундай жиддий зарар кўришади. Негаки, чойчақага ишлайдиган хизматчиларнинг учдан икки қисми ва ресторанлар иш кучининг 70 фоизи аёллар бўлиб, уларнинг аксарияти ёлғиз оналардан иборат.

Чойчақаларнинг мамлакат миқёсида бундай номутаносиб бўлишига турли сабабларни важ қилиб кўрсатишади. Масалан, бу соҳада ишлайдиганларнинг аксарияти ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаса, айримлари шу ишдан ҳам қуруқ қолишни хоҳлашмайди.

Айрим ҳуқуқ фаоллари мамлакат миқёсида чойчақаларнинг энг кам иш ҳақи билан тенг бўлишини илгари суришса, айримлар бу кичик бизнес ривожига салбий таъсир кўрсатишини айтишмоқда. Аммо таҳлиллар бу хавотирлар ўринсиз эканлигини кўрсатмоқда.

Мамлакат миқёсида чойчақаларнинг энг кам миқдорини ошириш имконияти чекланганини сиёсатчиларнинг манфаатдорлиги билан изоҳлашади. Масалан, Миллий ресторанлар уюшмамаси аъзолари ҳар ўн нафар америкаликнинг бирини иш билан таъминлаган. Уюшма сиёсий партиялар яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Шу боис сиёсий доирада чойчақаларни оширишга ҳар томонлама қаршилик кўрсата олишади.