Алишер Усмонов Apple ва Facebook’даги улушидан қутилмоқда

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов глобал миқёсда йирик IT-компаниялари бўлган Американинг Apple ва Facebook компанияларидаги улушини сотиб, Хитой интернет бозорига кўпроқ инвестиция йўналтиришни ният қилган. Forbes.ru’нинг ёзишича, бу ҳақда USM Advisors компанияси раҳбари Иван Стрешинский маълум қилган.

Шуни айтиш керакки, USM Advisors Алише Усмонов ва унинг шерикларига тегишли компаниялар активларини бошқаради.

Манбанинг қайд этишича, интернет бозорига йўналтирилган инвестицияларнинг 70-80 фоизи Хитой компаниялари ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг катта қисми Alibaba, JD.com сингари бошқа “салоҳиятли” компаниялар акцияларини харид қилишга ажратилган.

Хабарда келтирилишича, Алишер Усмонов Apple’даги улушини тўлиқ сотиб, Facebook’даги ҳиссасини ҳам аста-секинлик билан камайтириб бораяпти.

Иван Стрешинскийнинг айтишича, Алишер Усмонов ва унинг шериклари Россияга қарши қатор санкциялар жорий қилинишидан хавотирда бўлишса-да, бу уларнинг бизнеси учун драматик оқибатларга олиб келмаслигига умид билдиришмоқда. “Хитой, албатта, қандайдир санкциялар қўлламайди. Шунинг учун рубль, юань, Гонгконг ва Сингапур долларида ишлашимиз мумкин”, —дейди Иван Стрешинский.

Алишер Усмонов 2013 йилнинг апрель ойида Apple компаниясига 100 миллион доллар сармоя йўналтирганини қайд этган эди.  Bloomberg’га кўра, Алишер Усмонов Apple яқин келажак, яъни сўнгги уч йил учун жуда истиқболли компания ҳисобланишини айтган эди.

Алишер Усмонов ўзининг бизнес шериги Юрий Миллер 2009 йилда Facebook’нинг 10 фоизлик акцияларини харид қилган эди. Ушбу пайтда компаниянинг қиймати 6,5 миллиард доллар миқдорида баҳоланган эди. 2012 йилда амалга оширилган IPO натижасида Facebook’нинг қиймати 105 миллиард долларга баҳоланиб, иккала бизнесмен 1,6 миллиард доллар ишлаб олишган эди. Бунда улар 500 миллион доллар соф даромад кўришган эди.

Шуни айтиш керакки, Алишер Усмонов ўз шериклари билан Alibaba Group Holding Ltd. ва 360buy Jingdong Mall. сингари интернет компанияларига сармоя киритган бўлиб, жорий йилда Alibaba АҚШда IPO’ни амалга оширишини маълум қилди. Гарчи бошланғич қиймат номаълум бўлса-да, экспертлар бу 140 миллиард доллар атрофида бўлишини қайд этишмоқда.