Тошкент аэропортида 50 минг долларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Тошкентлик аёл божхона баённомасида қайд этмасдан, 49 минг 390 доллар билан Франкфуртга учиб кетмоқчи бўлганида, «Тошкент» халқаро аэропортида ушлаб қолинди. Бу ҳақда Kun.Uz Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматига таяниб хабар бермоқда.

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан мазкур аёл Франкфуртга парвози олдидан холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, кийимлари остидаги қўлбола белбоғда 49 минг 390 АҚШ долларини божхона баённомасида қайд этмасдан туриб, яширин равишда олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди», – дейилади қўмита хабарида.

Ўзбекистондаги амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистонда резидентларига 2 минг АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.