Бахтиёр Ғуломов Канада генерал-губернаторига ишонч ёрлиғини топширди

Ўзбекистоннинг Канададаги фавқулодда ва мухтор элчиси (Қароргоҳи Вашингтонда) Бахтиёр Ғуломов Канада генерал-губернатори Дэвид Ллойд Жонстонга ишонч ёрлиғини топширди.

“Жаҳон” ААнинг хабар беришича, ишонч ёрлиғини топшириш маросимидан сўнг бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси ва Канада ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида Ўзбекистон — Канада муносабатлари янада фаоллашгани таъкидланиб, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кўплаб масалалари бўйича иккитомонлама ва кўптомонлама алоқаларни янада кенгайтириши зарурлиги қайд этилди.

Генерал-губернатор Дэвид Жонстон Ўзбекистон раҳбариятига минтақада хавфсизликни таъминлашдаги фаол иштироки учун ташаккур билдирди.

Элчи Канада раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини бажаради.