Гулсанам МАМАЗОИТОВА: «Концертларни саралаб танлайман»

Яқинда у жонли ижродаги концертини тақдим этди. Зал тўла одам. Ҳам мақом, ҳам миллий эстрада йўналишидаги  қўшиқлардан маънан озиқа оласиз, баҳри дилингиз очилади. Тан олиш керак, бугун жонли ижрода яккахон концерт берадиган санъаткорлар саноқли. Машаққатли, аммо инсонга роҳат бахш этувчи ижодни мухлислар интиқлик билан кутади.

Мухлисларига ана шундай завқ улашган санъаткор — Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам МАМАЗОИТОВА билан концертдан сўнг суҳбатлашдик.

— Жонли ижрода концерт бердингиз. Қийинчиликлар бўл­мадими?

— Репетиция жараёнида қийинчилик сезмагандим. Лекин ҳар қандай санъаткорни ҳам саҳнанинг салобати босади. Қаттиқ ҳаяжонланганимни яширмайман. Аммо мақом йўналишида таҳсил олганим, халқ хизматида жонли куйлаб юрганим бу ҳаяжонни енга олди.

Концерт дастуримдан 16-17 та янги, яна 3-4 та халқимиз кўнглидан жой олган қўшиқлар ўрин олди.

— Газетадаги бир суҳбатингизда: «Тўйга ҳамма бораверади. Аммо мамлакат миқёсидаги йирик тадбирларда барча ҳам иштирок этолмаслиги мумкин»  дегандингиз. Сўнгги пайтларда халқ хизматига вақт топа оляпсизми?

— Концертларни саралаб танлайман, деганимнинг сабаби бор. Бугунги кунда тижорий концертлар кўпайиб кетди. Зал тўладими, йўқми —  томошабин ўз истаги билан келганми, чиптани мажбурий сотиб олганми, ташкилотчиларга бунинг аҳамияти йўқ. Шу томонини ҳисобга олиш лозим. Бу ҳолат, албатта, хонанданинг ижодига салбий таъсир қилади.

Чин ижодкор мухлис танламайди. Саҳнага чиқиб қўшиқ куйлашга арзийдиган концертларни ҳеч қачон рад этмаганман. Санъаткорлар ҳам ўз концертларига таклиф этишса, албатта, бораман. Бу унақа экан, у бунақа экан, деб ўтирмайман. Лекин концерт нима мақсадда ўтказиляпти, у ўринлими-йўқми, шуни инобатга олиш зарур, менимча.

— Санъат оламига кимдир бойлик, яна кимдир шон-шуҳрат истаб киради. Эндигина тетапоя қилаётган айрим ёшлар ҳам  тезроқ танилишни исташади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Ҳар бир инсоннинг ўз онги, тафаккури, диди бор. Киши қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, танлаган соҳаси бўйича, касбининг етук мутахассиси бўлиши учун билим олиши керак. Устоз кўриб, оқ-қоранинг фарқига етиши лозим.

Олдимга санъат сирларини ўрганиш учун кўп ёшлар келади. Ҳатто, мактабда таҳсил олаётган қизларнинг оналари орасида «Қизим сизга шогирд тушмоқчи. Тўйларга олиб юрсангиз» деганлари ҳам бўлган. Тўй деяптими, демак, уларнинг мақсади бошқа...

Ҳозир ёшларга кўплаб шарт-шароит яратилмоқда. Мусиқага ихтисослаштирилган мактаб, коллеж, олий ўқув юртлари бор. У ерда ўқиб, хонанда бўлмаса ҳам, моҳир созанда бўлиш мумкин. Барчаси тинимсиз меҳнат ва изланишни талаб этади. Бойиб кетиш ёки машҳурликка эришиш учун санъат йўлига кирган одам, менимча, адашади.

— Кимдир миллий, яна кимдир замонавий йўналишда куйлаб, ўзини синаб кўряпти. Сиз ҳам замонавий қўшиқчиликда ўзингизни синаб кўрмайсизми?

— Йўқ. Мен куйлаётган услубимдан ҳечам кечолмасам керак. Чунки миллий мумтоз қўшиқчилигимизни янада юксалтиришни мақсад қилганман. Шундай экан, қандай қилиб, ўз йўналишимдан воз  кечаман? Шахсан мен учун бошқа услублар қизиқ эмас.

Мен ҳам энг яхши бастакорга пул бериб, замонавий йўналишда зўр қўшиқ яратсам бўлади. Лекин буни ўзимга эп кўрмайман. Одам ўзига нима ярашадию, нима ярашмайди, ана шуни билиши керак.

— Яхши қўшиқ яралиши учун шеър матни қай даражада муҳим деб ўйлайсиз?

— Сўз — қўшиқнинг суяги. Мусиқа унинг тани. Оранжировка эса унинг бўёқлари, либосию пардоз-андозидир. Нола бериш қўшиқчига боғлиқ. Қўшиқ яратишда сўзни биринчи ўринга қўяман. Сўз маъноли бўлса, бастакорга ёқса, у иштиёқ билан оранжировка қилади. Қўшиқчи эса ҳам сўздан, ҳам мусиқадан илҳомланиб, меҳр билан куйлайди. Ана шундагина яхши қўшиқ дунёга келади. Сўзни ўз ўрнида қўллай оладиган, унинг қадрига етадиган шоирнинг ижодидан фойдаланаман.

— Айнан қайси шоирлар билан ҳамкорликда ижод қиляпсиз?

— Бу йилги концертда кўпроқ ёш ижодкор Хуршид Дарвешнинг шеър­ларидан фойдаландим. Доимий ҳамкорларим эса Рихсибой Ҳотамов, Иқбол Мирзо, Шарофиддин Болтабоевдир. Шунингдек, мумтоз адабиётдан Бобораҳим Машрабнинг ижодига кўп мурожаат қиламан.

Гарчи қўшиқ яратиш фақат менга боғлиқ бўлмаса-да, аммо танлаш борасида ўта талабчанман. Чертиб-чертиб танлайман. Баъзан сўзи ёқса, оҳанги ёқмайди, оҳанги ёқса, сўзи. Бундай пайтларда кўпроқ дидимга таянаман.

— «Ёр-ёр» қўшиғингиз ва унга ишланган клип кўпчиликка манзур бўлди. Бу қўшиқ яралишига нима туртки бўлган?

— Бир куни бастакор Дилмурод Маткаримов менга: «Сизга «сюрприз» бор, албатта, ёқади», деган эди. Орадан бир йил вақт ўтди. Қўшиқнинг матни унда бўлган, ўша матнга мусиқа басталаб, менга кўрсатди. Менга жуда ёқди. Қўшиқни куйладим.

Қўшиқ устида ишлаётган кунда шамоллаган эдим. Шунга қарамай, қўшиқни дард билан охиригача айтдим. Яхши чиқмаган бўлса, бошқа сафар айтарман, деб студиядан чиқиб кетдим. Кейин эшитсам, қўшиқ рисоладагидек чиқибди. Қўшиқни клипмейкер Ёдгор Носировга бердик. У Чорсудаги кичкина уйда клип суратга олди.

— Аксарият қўшиқчилар ўз клипларида роль ижро этишади. Сиз эса йўқ. Бунинг ўзига яраша сабаблари борми?

— Мен қўшиқчиман, актёр эмас. Актёрликка даъвогар ҳам эмасман. Ролнинг эса ўз эгалари бўлади. Кинода ҳам роль ижро этишга таклифлар тушяпти. Барига рад жавобини беряпман. Актёрлик катта истеъдод, маҳорат талаб этади. Унга шунчаки, қўл учида қараб бўлмайди. Санъатни  хоббига айлантириш номақбул иш. Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул.

— Сиз учун муваффақият калити нимада?

— Мен муваффақият калитини қалб гўзаллигида, деб биламан. Мендан маслаҳат сўраган сингилларимга доим «қалбингиз тоза бўлсин, ёнингиздаги ҳамкасбларингизни ҳурмат қилинг, қадрланг, токи улар сиздан ўрнак олишсин» дейман. Санъаткор — миллат кўзгуси саналади. Саҳнага чиққанимизда, «Қойил, мана бу ўзбек санъаткори» дейдиган даражада бўлиши керак.

— Сўнгги йилларда турли тадбирларда айтаётган қўшиқларингиз машҳур бўляпти-ю, аммо фольклор йўналишидагилари ун­­­­­­чалик эмас...

— Ижодимда озгина бурилиш ясадим. Чунки услублар турлича бўлади. Мисол учун Бухоро-Самарқанд услубида куйлаган «Хуш келдингиз»  қўшиғи оммалашди. Кейинчалик воҳага эътибор бердим, бироз ўтиб хоразмча йўналишда куйладим. Улар ҳам оммалашди. Лекин ўзимнинг фарғонача услубимни унутганим йўқ. Шўх қўшиқларни мана шундай услубда куйлаш менга маъқул келади.

— Сизнингча, аёл қандай бўлса, фарзанд тарбияли, хушхулқ бўлади?

— Оиласида тинчлик, ота-онанинг бир-бирига муносабати яхши, ўзаро ҳурмат бўлса, фарзанд ҳам одобли бўлади. Фарзанд тарбиясига, аввало, ота-она масъул. Кейин қариндошлар, қўни-қўшни, устозлар.

Менимча, болани эркалаб, унга чучук тилда гапириш эмас, балки катта одам каби гапириш керак. Ўшанда унинг онги, тафаккури шаклланади, юксалади.

 

Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди.

«Оила даврасида» газетасидан олинди.