Ўзбекистоннинг иккита олий таълим муассасаси МДҲ ОТМ рейтингидан жой олди

Россиянинг “Эксперт” рейтинг агентлиги томонидан МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасаларининг рейтинги тузилди. Унда Россия, Украина, Қозоғистон, Белорусь, Молдовия, Ўзбекистон, Озарбойжон, Қирғизистоннинг 153 та олий ўқув юрти ўрин олди.

Рейтингга кўра, рўйхатдан жой олган олий таълим муассасаларининг 80 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади. 70 фоизи эса техника олий таълим муассасаларидир. “Классик ва техник олий таълим муассасалари МДҲнинг энг муҳим олий таълим муассасалари асоси ҳисобланади. Бундай ОТМ битирувчиларига меҳнат бозорида бошқарувчилар, иқтисодчилар ва гуманитарийларга қараганда кўпроқ талаб бор”, — дейилади ахборотда.

Рейтингдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ўрин олган. ЎзМУ рейтингнинг D категорияси (Бешта категория мавжуд)дан жой олган. Сифатли таълим олиш учун шарт-шароитлар, ОТМ битирувчиларига меҳнат бозоридаги талаб даражаси иккинчи шкала бўйича баҳоланган.

Рейтинг натижаларига кўра, МДҲ олий таълим муассасалари хориждан талабаларни жалб қилиш бўйича у даражада яхши кўрсаткичларга эга эмас.

Рейтингга киритилган таълим муассасалари 5 тоифага ажратилган: А тоифаси битирувчилар тайёрлашнинг энг юқори даражасини англатади. В тоифаси – жуда юқори, C, D ва Е тоифалари эса мос равишда юқори, мақбул ва қониқарли даражаларни билдиради.

Рейтинг рўйхатида МДҲ мамлакатларининг D тоифасига мансуб олий ўқув юртлари кўпроқ – 64та, Е тоифасига эса 50та ОТМ кирган. ЎзМУ ҳамда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти D тоифасидан ўрин олган.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикадаги олий таълим муассасаларини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган олий ўқув юртларини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Республика олий таълим муассасалари рейтингини тузиш ва уларни баҳолаш билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази шуғулланади.

Рейтинг олий ўқув юртининг илмий-педагогик фаолияти даражасини ва сифатини характерловчи маълумотлар базасини мунтазам равишда танлаб олиш ва шакллантириш асосида тузилади.

Қарорда қайд этилишича, Давлат тест маркази рейтинг натижаларини 1 мартга қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Рейтинг тўртта мезон асосида тузилади: ўқитиш сифати даражасининг индекси (35 фоиз), талабалар ва битирувчилар малакасининг индекси (20 фоиз), олий ўқув юртининг илмий салоҳияти (35 фоиз) ва бошқа кўрсаткичлар (10 фоиз).

Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази ҳар йили рейтинг асосида соҳани такомиллаштириш бўйича конкрет таклифлар билан бирга мамлакатдаги олий таълимнинг ривожланиш ҳолати ҳақидаги таҳлилий маърузани тайёрлайди.

Давлат тест маркази сайтида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг айрим йўналишлар бўйича рейтинг таҳлиллари берилган.