Vatandosh жамияти иммиграция масалалари бўйича давра суҳбати уюштирди

Vatandosh Ўзбек-Америка федерацияси дастуридан келиб чиққан ҳолда 2014 йил 29  март куни Федерация қошидаги Соғломлаштириш ва маданият марказида навбатдаги ташкил қилинган давра суҳбати жуда ҳам қизиқарли тарзда бўлиб ўтди.

Американинг Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилувчи 60 нафардан ошиқ ватандошларимиз иштирок этган тадбирни Марказ раҳбари Фароғат Зокирова очиб берди ҳамда Марказ фаолияти билан йиғилиш қатнашчиларини таништирди.

Тадбирнинг биринчи қисмида “Америка мактабларида таҳсил олаётган фарзандларимиз муаммолари ва ютуқлари” мавзуида иқтидорли ёшларимиздан бўлажак ҳуқуқшунос Шаҳризода Усарова ва спортнинг катта теннис  тури бўйича юқори мактаб ўқувчилари ўртасида бир қанча мусобақалар ғолиби Staten Island коллежи талабаси Нозима Тошпўлатова сўз олишди.

Ота-оналар номидан сўз олган, 3 фарзанднинг онаси Дилафруз Очилова фарзанд тарбияси борасида ўз тажрибасини қатнашчиларга баён қилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида иммиграция соҳасида фаолият олиб бораётган юртдошимиз, малакали ҳуқуқшунослар Отабек Ҳасан ва Кемал Бобожон йиғилганларнинг иммиграцияга оид саволларига жавоб беришди. Ундан ташқари, қатнашчиларга Америкадаги айрим қонун-қоидалар, фойдали дастурлар ва янги иммигрантлар амалга ошириши лозим бўлган бирламчи ишлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Тадбир давомида ёшлар ўртасидаги муаммоларни ечишда ўзбек миллий қадриятлари, урф-одат, анаъналари ва кўп йиллик тажрибаларни қўллаган ҳолда иш тутишга доир амалий вазифаларни кучайтириш ҳақида келишиб олинди. Тадбир сўнгида Vatandosh Ўзбек-Америка федерацияси кенгаши аъзоси Норхўжа Содиқов мазкур тадбирда нутқ сўзлаган Шаҳризода Усарова, Нозима Тошпўлатова, Дилафруз Очилова ҳамда ҳуқуқшунослари Отабек Ҳасан ва Кемал Бобожонга, бундан ташқари, бошқа барча иштирокчиларга Федерация номидан миннатдорчилик билдирди.

Дилшод ЗОКИРОВ.