Биньямин Натаняҳу Яқин Шарқда танго тушиш учун шерик изламоқда

 

Оқ уйда Барак Обама ва Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳу ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мавзуси узоқ йиллар давомида ҳал қилинмасдан келинаётган масала — Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик музокаралари натижалари муҳокама қилинди. Барак Обама Исроил бош вазиридан фаластинликлар билан музокараларда ён босишга чорлаган бўлса, “Биби”, ўз навбатида, муросага бормаслигини ва Исроил давлати манфаатларини ҳимоя қилишини айтди.

Шуни айтиш керакки, АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Жон Керри сўнгги етти ой давомида икки давлатни муроса столига ўтирғизиш, ягона бир тўхтамга келиши учун жон куйдирмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида у минтақага 12 та амалий ташрифларни амалга оширди. У гарчи ўтган йили тарафларнинг музокара столига ўтиришини уддалай олган бўлса-да, вазият ҳали ҳам “ўлиқ нуқта”дан қимирлагани йўқ.

Фаластин — Исроил музокараларида Қуддуснинг мақоми, давлат чегаралари, фаластинлик қочоқларнинг ватанига қайтиши, икки давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Фаластин давлатини тан олиш каби муаммоларга ечим топилиши керак бўлади. Шуниси эътиборлики, тарафлар ушбу масалалар ечимига ҳали яқинлаша олгани йўқ. Вашингтон шунча саъй-ҳаракатларни сарфлагач, ҳеч бўлмаганда  жорий йил охирига қадар икки давлат раҳбарларини бир музокара столига олиб келиш бўйича доиравий битим имзоланишига умид қилмоқда.

Барак Обама Исроил бош вазири билан мулоқот давомида “узоқ ва азобли” Фаластин — Исроил музокаралари аниқ натижа олиб келишига умид билдирди. Унинг фикрича, бунинг учун Натаняҳу жиддий қарор қабул қилишига тўғри келади. Фаластин ҳудудида тураржойлар қуриш шулар жумласидандир.

Экспертларнинг фикрича, Барак Обама Украина муаммоси билан банд бўлгани учун Исроилга жиддий босим ўтказишга уринмайди. Ўз навбатида, “Биби” ён босишга тайёр эмаслигини маълум қилди.

“Яқин Шарқда тангога тушиш учун камида учта шерик керак бўлади. Ҳозирча фақат АҚШ ва Исроил бундай тангога тайёр. Биз ҳали яна кўрамиз: Фаластин ҳалиям бу жараёнда бормикин?”, — деди Биньямин Натаняҳу ОАВ вакилларига.

Исроил раҳбари фикрича, минтақада тинчликни таъминлашнинг энг яхши усули кучли бўлиш, ташқаридан бўлаётган танқид ва босимларга учмасликдир. Айнан шуни Исроил халқи талаб қилмоқда. “Агар Исроил тинчлик сулҳини имзолаган тақдирда ҳам, у барибир “Хамас” ва “Ҳизболла” томонидан террор ҳужумларга учрайверади”, деди у, жумладан.