Оқ уй америкаликларнинг телефон мулоқотини махфий равишда эшитишни тақиқламоқчи

 

АҚШ президенти маъмурияти мамлакат хавфсизлик идоралари томонидан оммавий равишда америкаликлар телефон мулоқотларини махфий эшитиш ва уларни кейинчалик серверларда сақлаш амалиётини тақиқлайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда The New York Times ўзининг Оқ уйдаги юқори мартабали манбасига таяниб хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, қонун лойиҳаси ҳафта охирига қадар Конгрессга кўриб чиқиш тақдим қилинади.

Газета манбаига кўра, Оқ уй томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Миллий хавфсизлик агентлигига АҚШ ҳудудида амалга оширилаётган телефон мулоқотлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва сақлашни тақиқлайди. Бундай маълумотлар фақатгина алоқа операторлари томонидан сақланади. Миллий хавфсизлик агентлиги эса мулоқот санаси, узунлиги, абонент рақами ҳақида маълумот олиши мумкин. Айни пайтда бунинг учун суд қарори олиниши керак бўлади.

Шуни қайд этиш керакки, Миллий хавфсизлик агентлигини ислоҳ ғояси жорий йил январь ойида эълон қилинган бўлиб, ўшанда Барак Обама хавфсизлик идоралари томонидан оммавий равишда телефон мулоқотларини эшитиш ва уларни махсус серверларда сақлаш амалиётидан воз кечишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ хавфсизлик идоралари фаолиятини ислоҳ қилиш ғояси ушбу идоранинг собиқ ходими Эдвард Сноуден томонидан катта миқдорда махфий маълумотларни оммага ошкор қилинишидан сўнг туғилган эди.