Арабча дипломатия: Саудия Арабистони Қатардан ўз элчисини чақириб олди

 

Саудия Арабистони, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари Қатардан ўз элчисини чақириб олди. BBC’нинг ёзишича, Қатар билан Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши тарафлари бўлган уч мамлакат 5 март, чоршанба куни бу ҳақда расмий баёнот берган.

Баёнотда айтилишича, Қатар бундан уч ой аввал Риёдда имзоланган битим талабларини бажара олмаган. Шуни айтиш керакки, сўнгги йилларда Қатар ва уч мамлакат ўртасидаги танглик тобора чуқурлашиб бораётган эди.

2013 йилда кўрфаздаги мамлакатлар ўзаро хавфсизлик тўғрисида битим имзолаган эди.  Аммо баёнотда айтилишича, Қатар “улкан таассуфларким”, “катта саъй-ҳаракатларга қарамас”дан ўз олдига қўйилган вазифаларни бажармаган.

Баёнотда бошқа аниқ маълумотлар келтирилмаган. Унга кўра, элчиларни чақириб олиш “хавфсизлик ва барқарорлик” учун зарур бўлган. Бу инцидент кўрфаз мамлакатлари орасидаги энг жиддий келишмовчиликлардан бири бўлди.

Нефть ва газга бой Қатар бугунги кунда кўпроқ дипломатик алоқаларга урғу бермоқда. Саудия Арабистони ва унинг ҳамкорлари эса минтақадаги “айрим муаммолар”ни куч ишлатиш билан ҳал қилиш тарафдори ҳисобланади. Яна бир жиҳати, Қатарда жойлашган Ал-Жазира телерадиокомпаниясининг нуфузи изчил ўсиб, Саудия Арабистонини кескин танқид қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, тарафлар Сурия, Фаластин-Исроил, Миср ва бошқа минтақавий масалаларда якдил фикрга кела олмаган. Масалан, Қатар Мисрда тақиқланган “Мусулмон биродарлари” ташкилотини молиявий ва дипломатик қўллаб-қувватлаб келади. Бу ташкилот Саудия Арабистони ҳамда БААда тақиқланган. Буларнинг барчаси тарафларни кескин қадам ташлашга ундаган.