Россия “минтақавий давлат”ми?

АҚШ президенти Барак Обама Ҳаагада бўлиб ўтган Ядровий хавфсизлик саммитида Россияни “минтақавий давлат” деб атаб, унинг Қримни ўз таркибига қўшиб олишини “кучсизлик” аломати сифатида баҳолади.

Албатта, Барак Обаманинг нотиқлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг нутқ ва маърузалари, одатда, жуда ҳам ишончли ва таъсирчан чиқади. Аммо унинг Россиянинг глобал миқёсдаги нуфузига баҳо бериши, баҳо берганда ҳам уни “минтақавий” даражада кўриши, албатта, глобал даражада аҳамиятга эга давлат раҳбарининг эмас, балки файласуф фикрига ўхшаб кўринади.

Гап Россиянинг мақташ ёки уни улуғлаш нуқтаи назаридан эмас, балки бугунги куннинг реал воқеликларидан келиб чиқиб баҳо бериладиган бўлса, Обаманинг фикри бироз жўнлиги кўринади.

Биринчидан, БМТнинг Хавфсизликка кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган олтита мамлакатдан бири бўлиб, ўтган давр мобайнида Россия ушбу ташкилот доирасида “ўзаро тийиб туриш” ва “манфаатлар мувзоанати”ни таъминлаб келмоқда. Биргина Сурия масаласида Ғарбни Россиянинг саъй-ҳаракатлари тўхтатиб қолганини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя. Истиқболда вазият қай тарзда ривожланишидан қатъи назар, Россия Хавфсизлик кенгаши резолюциялари қабул қилинишида ҳал қилувчи куч бўлиб қолади ва Ғарбга қарши ўз позициясини илгари суришда давом этади.

Иккинчидан, Россия ядровий ва бошқа стратегик қуролларга эга бўлиб, уларнинг қуввати ва етказиб бериш имконияти глобал миқёсда ишлатиш учун етади. Ядровий қуролланиш билан боғлиқ барча муҳим масалалар Россия ва АҚШ ўртасида ҳал қилинишини инобатга оладиган бўлсак, бу ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Учинчидан, Россия бугун ядровий қуролга эга бўлган, аҳолиси миқдори, иқтисодий салоҳияти катта бўлган давлатлар билан стратегик ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, БРИКС ва бошқа тузилмаларда етакчи мавқени эгаллаб келмоқда.

KMO_132957_00038_1_t218_185024

Барак Обама нима дейишидан қатъи назар америкаликлар Россияга глобал миқёсда “эҳтиёткорроқ” қараб келади. Шу боисдан ҳам АҚШ фуқароларининг фикрича, Россия Хитойдан кўра ҳам хавфли давлат сифатида кўриши ҳам тасдиқлайди. Pew Research тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровга кўра, респондентларнинг 26 фоизи Россияни АҚШнинг душмани, 43 фоизи Россияни “жиддий муаммо, лекин рақиб эмас” деб билади. Буларнинг барчаси Россиянинг минтақавий эмас, балки дунё сиёсатидаги  муҳим овозга эга бўлган давлатлигидан далолатдир.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Мари Харф, икки давлат бошқача бир вазиятда эканлигини қайд этган. “Бу совуқ уруш эмас. Россия дунё сиёсатида муҳим давлатдир”, — деб Барак Обаманинг кесатиғига озгина тузатиш киритиб ўтди.