Ниқобланиш санъати

Информацион технологиялар замонида медиа агитация ва провокация қуролига айланди. Икки томон бир-бирини “узурпатор”, “фашист”, “миллатчи”, “агрессор”, “радикал”, “оккупант”, “террорчи” каби рутбалар билан атаётган бир пайтда оммавий ахборот воситалари уларнинг манфаатларига мос хабарларни тарқатмоқда. Бундай пайтда ким тезкор ва давомий ахборот тарқатса, кимнинг аудиторияси катта бўлса, ўша ғалаба қозонади. Бунда ахборотнинг ҳаққонийлиги кўпам текширилмайди. Муҳими – тезроқ хабарни аудиторияга етказиш. Баъзида ахборот қуролининг жудаям содда, ишончсизлиги, “дешёвка”лиги ҳам оддий аудитория учун бомба вазифасини бажариши мумкин.

Украинага қўшни бўлган бир қатор Россия вилоятлари губернаторларининг электрон-почталарига таҳдидли мактублар келганлиги ҳақида бир қанча ОАВларда хабар берилди. Ҳатто Воронеж вилояти губернатори таҳдидлардан хавотирини ҳам билдирди. Бу билан мен, “йўқ, бу – провокация, буни россияликлар ўзлари уюштирган” демоқчи эмасман. Айтмоқчиманки, бу жудаям оддий усул. Исталган киши, исталган ном ва e-mailдан мактуб юбориши мумкин. Буни мактаб ўқувчиси ҳам эплай олади. Бунақа содда усул билан фақатгина интернетни тушунмайдиган аудиторияни мафтун қилиш мумкин, холос.

“Российская газета” нашри интернет саҳифасининг “Кiберсотни” украин хакерлари гуруҳи томонидан бузилгани ҳақида ҳам кўпчилик ўқигандир. “Кiберсотни”нинг ўзи бу ишга алоқаси йўқлигини билдирди. Бу усул ҳам техник жиҳатдан унча қийин бўлмаган иш. Медиабеллашув қизиган пайтда яхши очко ишлаб олиш учун ғирром ишлатилмаганлигига кафолат йўқ.

Бир қанча ОАВлар 143 000 (!) нафар украинларнинг Россияга қочиб ўтганини бот-бот таъкидладилар. Лекин биронта ҳам қочқинлар жамлоғининг кўрсатилмаганлиги ҳайратлидир. Ваҳоланки 143 000 каттагина шаҳар аҳолисига тенгдир. (Мисол учун, Термиз шаҳар аҳолиси 135 000, Урганч – 136 000, Навоий – 134 000).

Турли ҳудудларда бўлаётган митинг ва намойишларда иштирок этаётганлар сони ҳам кўпинча кўпиртирилмоқда. Телерепортажларда намойишнинг олд тарафи кўрсатилади-да, фалон минг одам қатнашди, дейилади. Умумий майдон кўрсатилмайди. Турли телеэффектлар билан намойишчилар сонини сунъий ошириш кўпчиликка сир эмас.

Ижтимоий тармоқларда фото ва видеофактлар орқали ахборий кураш давом этмоқда. Кўпинча у ёки бу томон раҳбарларининг миллатчи гуруҳларга аъзо бўлганликлари, қаердадир кимнингдир дўппослангани ҳақидаги фотофактлар фотошоп маҳсули ёки ўша суратнинг умуман бу ҳодисага алоқаси йўқ бўлиб чиқяпти. Ана шундай фейклар ҳақидаStopfake ва Fakecontrol сайтлари ҳам ташкил этилди.

“Новая газета”да журналист Юлия Латынина  ёзишича, икки минг йил аввал Цинь империяси гуллаб-яшнаган даврда ёш императорнинг ҳарам оғаси Чжао Гао қўл остидагиларнинг садоқатини текшириш учун бир усул қўллайди. У саройга бир буғу олиб келади ва “билиб қўйинглар, бу – от” дейди ва ходимлардан бу қандай ҳайвонлигини сўраб чиқади. “Бу – буғу” деб жавоб берганлар қатл қилинади. “Бу – от” деб жавоб берганлар эса садоқат синовидан эсон-омон ўтадилар.

Бугун Қримда юз бераётган ҳодисалар ҳам кўп ҳолларда “буғу”лиги аниқ бўлиб турган нарсани “от” деб кўрсатиш билан баробар бўляпти. Ҳудудга рус қўшинлари, техникаси олиб кирилганлиги кундек равшан бўлгани ҳолда Москва буни буткул рад этиб, улар ўз-ўзини ҳимоя қилиш отрядлари деб иддао қилмоқда. Жаноб Путин айтганидек, ўша формаларни исталган овчи дўконидан сотиб олиш мумкиндир, лекин анча қиммат турадиган “Калашников” автоматларини ҳам ўша дўконлардан сотиб олишяптими, деб сўрайдиганлар кам топиляпти (Foreign Policy журналининг қайд этишича, автоматнинг нарҳи қора бозорда 10 доллардан бошлаб (Афғонистонда) 4 минг долларгача (Ҳиндистонда) баҳоланади).

* * *

Буқаламун (хамелеон) ўз атрофидаги нарсаларга мослашиб, аралашиб кетиш учун тери тусларини ўзгартиради. Унинг бир-биридан мутлақо мустақил равишда ҳаракат қиладиган кўзлари олдинга, орқага ёхуд умуман пастга қарай олади. Шу тариқа, буқаламун бир кўзи билан атрофдаги ўлжасини кузатаркан, иккинчиси билан доимий келиши мумкин бўлган хавфдан огоҳ бўлиб тураркан.

Агар буқаламуннинг бу хусусиятларини ахборот маконига таққосласак, ҳозирда ана ўша буқаламунсифат медиалар муваффақият қозонаётгани англашилади.

Нима бўлганда ҳам халқимиз топиб сўзлаган: “Бир кун жанжал бўлган жойда қирқ кун барака кўтарилади”. Шуниси равшан: ҳозирда талаш бўлаётган ҳудудларда камида 3-4 йилгача барқарорлик бўлмаслиги аниқ.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ.