Нуқтаи назар: Ражаб Тойиб Эрдоған Туркияни Европадан маҳрум қиляптими?

2014 йил Туркия ва Ражаб Тойиб Эрдоған жаҳон оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Бу бежизга эмас. Чунки бундан ўн бир йил муқаддам ҳокимият тепасига келган Эрдоған мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизимин ўзига буйсундириш, ғоявий ва принципиал рақибларини ҳар томонлама кучсизлантириш учун кенг миқёсда ахборот кампаниясини олиб борди, парламентдаги кўпчилик ўрнидан фойдаланган ҳолда ўзига керакли қонунларни қабул қилди. Булар, албатта, бежизга эмас. Негаки, шу йилнинг 30 март куни маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар Эрдоған учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Хўш, Эрдоғаннинг қандай рақиблари бор?

Ғоявий рақиблари. “Хизмат”. Фатхулла Гулен

Ўтган йилда амалга оширилган коррупция амалиётлари, қолаверса, Бош вазирнинг шахсий мулоқотларининг оммага чиқиб кетиши “ҳукуматга қарши тил бириктириш” назариясининг пайдо бўлишига олиб келди. Туркия ҳукумати раҳбари бошига тушган барча кўргиликларда АҚШда истиқомат қиладиган диний уламолардан бири — Фатхулла Гуленни айбламоқда. Унинг наздида, айнан Фатхулла Гулен ҳукуматга қарши ўтказилган коррупция текширувлари ҳамда Туркияда “муқобил давлат” тузишга бош-қош бўлган.

hizmetnews.com
hizmetnews.com

Туркия ҳукумати аъзоларидан бирининг айтишича, улар содир бўлаётган воқеаларнинг бирини англаб етмасдан иккинчисига йўлиқмоқда. Вазият назоратдан чиқиб кетди, гўёки мамлакатни қандайдир бошқа кучлар бошқараётгандек туюлади. Ушбу кўринмас кучларга қарши курашиш учун бутун саъй-ҳаракат жалб қилинган. Февраль ойида мамлакат президенти имзолаган қонунга кўра, Туркия коммуникация ва алоқа бошқармаси ваколатлари кенгайтирилиб, унинг интернетни назорат қилиш функцияси кучайтирилди. Эндиликда бошқарма суд қарорисиз интернетдаги у ёки бу материал шахсий дахлсизлик ҳуқуқига раҳна соладиган бўлса ёки ҳақорат тусида бўлса, сайтни блоклаши мумкин.

Орадан кўп ўтмасдан президент яна бир қонунни имзолади. Унга кўра, Судьялар ва прокурорлар олий кенгаши ислоҳ қилиниб, у мамлакат адлия вазирлиги назоратига ўтказилди. Ушбу идорани Туркияда суд тизимининг “бошқарув пульти” деб ҳам аташади. Бундай ислоҳотлар мамлакат Конституциясида белгилаб қўйилган ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига зиддир. Буни конституциянинг суд органларини ижро ҳокимиятидан мустақиллигини мустаҳкамлайдиган 138-моддасининг “ўлим”и сифатида баҳолашмоқда.

Ва ниҳоят, Абдулла Гул Фатхулла Гуленнинг “Хизмат” ҳаракати томонидан мувофиқлаштирилиб бориладиган ўқув муассасалари (дарсхоналари) тармоғини ёпишга кўрсатма берди. Оқибатда ҳукумат раҳбарларига қарши кенг миқёсда “компромат”лар уюштирила бошланди. Ҳукумат, албатта, бошқарувдаги тангликни бироз бўлса-да юмшатиш мақсадида “Эргенекон” суд иши бўйича давлат тўнтаришида айбдор, деб топилган 254 нафар сиёсатчи ва ҳарбийларнинг 54 нафарини озод қилди. Хусусан, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Туркия армияси бош қўмондони Илкер Бошбуғ ҳам муддатидан озод қилинди.

Шуни айтиш керакки, Фатхула Гулен 1999 йилдан бери ҳарбийлар босимида кўнгилли равишда АҚШда сургунда бўлиб турибди. Чунки ҳарбий элита уни мамлакатда исломий давлат қуришда айблаган эди.

Расмий Анқаранинг айбловларига қарамасдан, шуни айтиш керакки, Гулен фундаментал ислом давлати қуриш ғоясини илгари сурмайди. У давлат барча дин ва қарашдаги аҳолига хизматда бўлиши кераклиги ғоясини илгари суриб, динлараро бағрикенгликни тарғиб қилади. Унинг ҳаракати шунинг учун ҳам “Хизмат” номини олган. Яна бир жиҳати, “Хизмат” ўзини диний ташкилот эмас, балки жамоат бирлашмаси сифатида кўради.

Фатхулла Гулен ва Рим Папаси Жон Пауль II. Рим, Ватикан
Фатхулла Гулен ва Рим Папаси Жон Пауль II. Рим, Ватикан

“Хизмат”да бошқарув ёки бошқача ташкилий тузилма йўқ. Унда қанча одам аъзо эканлигини ҳеч ким билмайди. Аммо экспертлар бу рақамни миллионга етишини тахмин қилишади. Шунга қарамасдан “Хизмат” АҚШда ҳам, Туркияда ҳам катта таъсирга эга. Унинг хусусий оммавий ахборот воситалари, шунингдек, юзлаб хусусий мактаблари бор. Эътиборли жиҳати, айнан мана шу мактаблар тарбияланувчилари мамлакат полицияси ва суд тизимида юқори лавозимларни қўлга киритган.

The New York Times’нинг ёзишича, “Хизмат”нинг ресурслари сабаб ҳам Ражаб Эрдоған ўзининг мана шундай муваффақиятларига эришган. 2006 йилда, ҳукуматни қўлга киритганидан сўнг уч йил ўтиб, Гулен билан саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, ҳарбийлар ҳокимиятига қарши аёвсиз кураш олиб борди. Шу пайтга қадар Туркияда ҳарбийлар дунёвий жамият қўриқчиси сифатида кўриб келинган.

Айнан Гуленнинг ёрдами билан Эрдоған қарийб барча ҳарбийлар элитасини ҳамда уларга ёрдам берган сиёсатчи ва журналистларни суд қилишга муваффақ бўлди.

Аммо кўп ўтмай Ражаб Эрдоған ва Фатхулла Гулен йўли айро тушди. Негаки, ҳукумат раҳбари коррупцияга қарши курашиш, Евроинтеграцияни чуқурлаштириш бўйича сайловолди ваъдаларидан чекина бошлайди ва бу Гуленга ёқмайди. 2012 йил бошига келиб экспертлар Эрдоған ва Гулен “ажрашгани” ҳақида асосли фикр юрита бошлади. Чунки прокуратура Туркия давлат айғоқчилик хизмати раҳбари Ҳоқон Фидон (Эрдоғаннинг ишончли вакилларидан бири)ни терговга чақиради. Шундан сўнг Бош вазир буни Гуленнинг шахсий интиқоми деб ҳисоблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларида кенг миқёсли тозалаш амалиётини амалга оширди. Айниқса, Гулен хусусий мактабларининг ёпилиши аҳоли ўртасида Эрдоғанга нисбатан норозиликни кучайтирди. Чунки умумтаълим мактабларида етарли даражада сифатли таълим берилмайди.

Эрдоған vs ижтимоий тармоқлар

Твиттер-мвиттер

Туркия бош вазири билан боғлиқ турли компроматларнинг ижтимоий тармоқларда кезиб юриши уни ижтимоий тармоқларга қарши “салб юриши”ни уюштиришга мажбур қилди. Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдоған мамлакатда узоқ давом этаётган норозилик намойишлари ортида хорижий кучлар турган бўлиши мумкинлигини айтиб, оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарган омиллардан бири – намойишчилар томонидан Twitter микроблоглар хизмати ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланилиши бўлмоқда. «Твиттер номли бир таҳдид бор, – дейди Эрдоған. – У ерда ўзига хос, такрорланмас ёлғон намуналарини топиш мумкин. Менимча, ижтимоий тармоқлар – жамият учун энг даҳшатли таҳдиддир [Таржима: Kun.uz]».

AP PHOTO
AP PHOTO

Ҳукумат Twitterги баъзи саҳифаларда жойлашган ахборотларни ўчириш ҳақидаги «юзлаб суд қарорлари» бўйича талаблар эътиборсиз қолдирилаётгани сабаб сервис блокланганини маълум қилди. «Биз Twitter’ни йўқ қиламиз. Халқаро жамоатчиликнинг бу борадаги фикрлари мени қизиқтирмайди. Улар Туркиянинг кучини кўриб қўйишади», – деди Эрдоған.

Аммо мамлакат президенти ва Туркия олий суди ҳукуматнинг бу қарорини қўллаб-қувватламади. Президент (гарчи Эрдоған билан ҳаммаслак бўлса-да) Абдуллоҳ Гул интернетни ва Twitter каби сервис хизматларни ўчириб ёки тақиқлаб қўйиш қонуний жиҳатдан ҳам мумкин эмаслигини таъкидлади. «Бу ривожланган, минтақада ўз обрўсига эга бўлган ва Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб бораётган Туркиядек мамлакат учун нохуш бир вазиятдир. Шундай экан, бу муаммолар яқин вақт ичида ҳал этилади», – деди Туркия президенти [Таржима: Kun.uz].

Кейинчалик суд ҳукуматнинг бу қарорини ноқонуний, деб топиб, ижтимоий тармоқни очиш кераклигини уқтирди. Анқара суди Twitter’га нисбатан жорий этилган тақиқни бекор қилиш ҳақидаги қароридан бир кун ўтиб Туркияда YouTube видеосервиси блок қилинди.

Яна бир қизиқ жиҳати, Эрдоған сайловолди учрашувларида ушбу масалага шу даражада кўп эътибор қаратдики, дунё ОАВси унинг иқтибослари билан тўлиб тошди:

“Твиттер-мвиттер”

“Биз бу халқни Facebook ва YouTube марҳаматига қолдирмаймиз”

“Мен ақли-ҳуши жойида одамлар ҳали ҳам Facebook, Twitter ва YouTube’ни ҳимоя қилаётганини ҳеч тушунмайман. Уларда фақат ёлғон айланади”

Туркиядаги сиёсий жараёнларни кузатиб борадиган таҳлилчиларнинг фикрича, Эрдоғаннинг сайлов арафасида бундай чораларга қўл уриши унинг ёшлар орасидаги нуфузига салбий таъсир кўрсатади.

Экспертларнинг фикрича, Туркияда бўлиб ўтадиган сайловларда ҳокимиятдаги партия ғалаба қозониш эҳтимоли мавжуд бўлиб, мамлакат иқтисодий ҳолати, қолаверса, Туркиянинг минтақадаги нуфузи тиклангани, албатта, Эрдоған ва унинг партияси хизматига ёзилади. Аммо бошқа партиялар ҳам сайловларда ўз шароитини анча яхшилаб олиши мумкин.

Мағлуб мамлакатнинг ғолиблари

Умуман, 30 март куни маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлардан фақатгина Туркия ютқазиши мумкин, холос. Негаки, Европа стандартларини жорий қилиш йўлидан бораётган, бир кун келиб Европа Иттифоқининг бир қисми бўлиши мумкин бўлган Туркия бугунги кунда фундаментал қарашлар, тор доирадаги манфаатлар ҳукмронлиги қарор топиб, давлат ҳокимияти ва бошқарувида “ўзар тийиб туриш” принципи амалда йўққа чиқарилмоқда. Чунки мусулмон ва ривожланаётган мамлакатлар учун Туркия бир пайтлар тараққиёт модели сифатида кўрсатилар эди. Бугунги кунда бу борган сари ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда.

Шундай бўлса-да, мағлуб мамлакатнинг ғолиб вакиллари ҳам бор. Аввало, Ражаб Эрдоғаннинг партияси сайловларда биринчи ўринни эгаллайди, ўз атрофида ўта консерватив кайфиятдаги аҳолини янада жипслаштира олади.

Бундан ташқари, Туркия ҳукуматининг асосий рақиби Халқ-республика партияси ҳам Эрдоғандан “кўнгли қолган” сайловчиларни ўз тарафига оғдириб, бундан аввалги сайловларга қараганда кўпроқ ўринни қўлга киритади.

Қолаверса, Курдлар ҳам маҳаллий вакиллик органлари ўз мақомини бирмунча яхшилаб, ўз миллатдошлари учун ҳуқуқий йўллар билан кураша оладиган даражага чиқади.

Лекин шунга умид борки, ушбу сайловлардан сўнг Туркияда Ражаб Тойиб Эрдоған партияси ва ҳукуматининг мутлақ кўпчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлиши эҳтимоли катта. Бу натижасида мамлакатда сиёсий кучлар янада конструктив ва фаол кураш олиб бориши учун ўзига хос сиёсий майдон яратилади. Бу, албатта, мағлуб мамлакат учун ҳам умид бағишлайди.

 

Мурод ҒОФУРОВ.