Украина инқирози: ахборот хуружлари ва далиллар

Маълумки, Украинадаги вазият юзасидан Ғарб ва Россия оммавий ахборот воситалари кенг миқёсли ахборот хуружларини олиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, бу ахборот хуружлари баъзан ахборот маконидан ташқарига чиқиб, айрим ташкилотлар томонидан факт ва далил сифатида ҳам қабул қилинмоқда.

Хўш, қандай суратлар далил фойдаланилмоқда? Қуйида BBCWorld томонидан таҳлил қилинган суратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

0421-for-webukraine-artboard_1-0

Ушбу сифати паст бўлган сурат 16 апрель куни Украина томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссиясига топширилган бўлиб, унда қайд этилишича, руслар Донецкдаги россияпараст “сепаратист”ларга ёрдам бермоқда.

The New York Times’га кўра, суратлар “Обама маъмурияти томонидан маъқулланган”. АҚШ Давлат департаменти ушбу суратларга тарқатар экан, “Россия ва Украина шарқидаги қуролланган ҳарбийлар ўртасида боғлиқлик борлиги”ни тасдиқлаган. Ўз навбатида, BBC ушбу суратларнинг ҳақиқийлигини исботлай олмаган, қолаверса, Россия ҳукумати ҳам ушбу суратга изоҳ бермаган.

Украина томонидан чиқарилган яна бир маълумотда Краматорск ва Славянскдаги ҳарбий амалиётларда иштирок этган соқолли қуролланган шахс 2008 йили Россиянинг Грузиядаги ҳарбий амалиётида ҳам бўлган. Бу, албатта, жуда ҳам муҳим далил бўлиши мумкин эди, аммо бундан олти йил аввалги ҳарбий ҳаракатда қатнашган одамнинг қора соқоли ё ўз ҳолича, ё оқ оралаган бўлиши керак. Суратдаги ҳарбийнинг соқоли эса қизғиш рангдадир.

Украина ҳукумати Россия махсус кучларининг нишонини Грузияда ҳам бўлганини қайд этади. Аммо BBC’нинг айтишича, бундай нишонни интернет орқали 5 долларга харид қилиш мумкин. Қримда ҳам, Донецкда ҳам бўлган қуролланган шахс яна бир далил сифатида келтирилган. Аммо уларнинг орасида анча фарқ бор. Биринчидан, иккаласи ҳам юзида ниқоб тақиб олган. Яна бирининг камарида пистолет бўлса, иккинчисида умуман йўқ. Ниқоблар ранги ҳам ҳар хил. Бу суратларнинг барчаси яқинда олинганини инобатга оладиган бўлсак, улар Украинадан ташқарида олинган бўлиши ҳам мумкин.

Умуман, фотосуратларни синчиклаб кўрадиган бўлсангиз, Украинада Россиянинг махсус хизматлари юргандек тасаввур уйғонади. Аммо BBC бу суратлар далил бўла олмаслигини қайд этиб, яқинда Путин Украина шарқида бирорта ҳам россиялик ҳарбий ёки инструктор йўқлигини айтганлигини ёдга олади. Бироқ Путин Қримда “кўнгилли ҳарбийлар” ортида Россия кучлари турганлигини тан олгач, бу далилларни назардан четда тутиб ҳам бўлмайди.