АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғининг Украинага махфий сафар уюштиргани тасдиқланди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан Украинага махфий бориб келгани тасдиқланди.

Бундан аввалроқ, Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Украина Радасидаги манбаига таяниб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Бреннан Украинага бошқа шахснинг исми остида келиб кетгани ҳамда Украина хавфсизлик тизими раҳбарияти билан учрашганини маълум қилган эди.

Расмий Вашингтон ушбу масала юзасидан расмий изоҳ бермасдан, сукут сақлаб келаётган эди. Аммо душанба куни кечқурун Оқ уй матбуот котиби Жей Карни ушбу масалада маълумот берди. Унга кўра, АҚШ махфий хизмати раҳбарининг ташрифи “хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш” билан боғлиқ бўлган.

Украинанинг қочқин президенти Виктор Януковичнинг айтишича, мамлакат шарқий ҳудудларида кечаётган тартибсизликларга қарата куч ишлатиш режаси айнан ушбу ташрифдан сўнг қабул қилинган. Карнининг сўзларига қараганда, ташриф Жон Бреннанинг Европа бўйлаб сафари доирасида бўлган. Оқ уй Жон Бреннаннинг Украина хавфсизлик кучлари фаолиятини мувофиқлаштиргани ҳақидаги хабарларни “бемаънилик” деб атади.

Якшанба куни амалда ўзини Украинанинг қонуний президенти ҳисоблайдиган Виктор Янукович шарқий ҳудудлар бўйича ҳарбий амалиёт режаси айнан “Бреннаннинг розилиги”дан сўнг қабул қилинганлигини иддао қилган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни АҚШ Марказий разведка бошқари директорининг Украина сафари бўйича расмий изоҳ талаб қилган эди.

Хабарларда унинг бошқа исмда келиб кетгани юзасидан маълумотлар берилмаган.