Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо зонасига расман қўшилди

    Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо зонасига қўшилиши ҳақидаги баённомани ратификация қилиш тўғрисидаги қонуни имзолади. Шу билан Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо зонасининг аъзосига айланди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди.

    Мазкур битим МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2013 йил 31 майда бўлиб ўтган мажлисида имзоланган бўлиб, Ўзбекистон мазкур ҳужжатни 2013 йил охирида ратификация қилган эди.

    Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Алексей Лихачевнинг айтишича, баённоманинг мақсади Ўзбекистонни МДҲ доирасидаги ҳамкорлик алоқаларига янада фаол жалб қилиш ҳамда Божхона иттифоқи мамлакатлари ҳамда Ўзбекистон ўртасида савдо режимларини  унификация қилишга қаратилгандир. Вазир ўринбосарининг баҳолишича, баённоманинг ҳаётга татбиқ этилиши МДҲ доирасида эркин савдо тизимини универсаллаштиришга ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасида иккитомонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.

    Баённомада бир қатор истиснолар илгари сурилган. Чунончи, айрим товарларни импорт қилишда миллий режимни сақлаб туриш ҳамда баҳс-тортишувларни иккитомонлама тартибда ҳал қилиш механизми илгари суриляпти. Бу истиснолар 2020 йилнинг 31 декабрига қадар ва (ёки) Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришига қадар амал қилади.

    МДҲ Ҳукуматлари раҳбарлари кенгаши ташаббуси билан 2011 йил октябрь ойида Эркин савдо зонасини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Унга кўра, ЭСЗга аъзо-давлатлар ўртасида ўзаро товарлар импорти ва экспортида турли бож йиғимлари бекор қилинди. Аммо бир қатор истиснолар сақлаб қолинди. Уларни кейинчалик бекор қилиш кўзда тутилган.