Ўзбекистонда айрим банклар Contact орқали пул ўтказмаларини қабул қилмаяпти

Ўзбекистонда бир қатор банклар Contact пул ўтказиш тизими хизматларидан вақтинчалик фойдаланмасликка қарор қилган. “КоммерсантЪ» газетасининг ёзишича, «Русславбанк» раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш ҳақидаги хабарлар Россия ва МДҲдаги банкларни сергак торттирган. Гап шундаки, мазкур банк Contact пул ўтказиш тизимининг муклдори бўлиб, бугунги кунда Россияда 15 та банк ушбу тизим билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиб турибди.

Банкнинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари ҳам мазкур тизимдаги муаммолар боис тегишли чораларни кўришга мажбур бўлишган. “Подробно” ахборот агентлигининг хабар беришича, фуқаролар Тошкентдаги бир қатор банклардан ўзларига юборилган маблағларни қабул қилиб ололмаяпти. Агентликнинг аниқлаштиришича, ҳақиқатда айрим банкларда мазкур тизим ишламаяпти. Банк ходимларига кўра, бу мазкур тизим билан тегишли шартномаларнинг тузилмаганлиги ёки узайтирилмаганлиги билан боғлиқдир.

“КоммерсантЪ”нинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банкларга Contact пул ўтказиш тизими билан вазият ойдинлашмагунча ҳамкорликни тўхтатиб туришни тавсия қилган. “Русславбанк” матбуот хизмати Ўзбекистонда тизим ишлаётгани, аммо май ойидаги байрамлар тугагунча бир қатор банклар билан ҳамкорлик тўхтатиб турилганини айтиб ўтган. Шундай бўлса-да, “Капиталбанк” Contact пул ўтказиш тизими орқали аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

“Подробно”нинг ёзишича, шу билан бирга, “Халқ банки” ва “Ипак йўли” банкларида ҳам Contact пул ўтказиш тизими ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонликлар Россиядан пул юбориш бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллайди.  Хусусан, Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган.